08:07 АЁЛЛАР ФУТБОЛИ ТАРИХ ВА КЕЛАЖАК | |
Аёллар футболига эркаклар футболининг бир бўлаги ёки шунчаки "аёллар учун ҳам бу спорт тури бўлиш керакдир-да”, деб қараш мутлақо ноўриндир. Ф икримизнинг исботи сифатида бир фактни келтиришимиз кифоя қилади: бугунги кунда дунё бўйлаб 25 миллион нафардан ортиқ хотин-қизлар (!) Футбол билан бевосита шуғулланади. Яна фактларга мурожаат қиламиз: XVII асрга оид адабиётларда Шотландияда аёллар ўртасида жуда ажойиб футбол мусобақаси ўтказилгани қайд этилган. Бунда турмушга чиққан ва чиқмаганлар майдонда куч синашганлар. Афсуски, ким ғолиб бўлгани ноаниқ. Расмий мақом олган дастлабки клуб 1895 йилда Буюк Британияда рўйхатдан ўтган. Унинг номи «Бритиш Лэди Футбол Клаб» бўлган. Ўша йилнинг март ойида Британияда биринчи расмий учрашув ҳам бўлиб ўтган. Шимол ва Жануб ўртасида ўтказилган мусобақада шимоллик хонимлар жамоаси 7:1 ҳисобида ғалабага эришган. Аёллар футболи ривожида биринчи Жаҳон урушининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Гап шундаки, 1914-1915 йилларда кўпчилик эркаклар урушга кетган, ёш қизлар эса ҳарбий заводларда ишга жалб қилинганди. Ҳарбий саноат вазирлиги касаба уюшмалари билан ҳамкорликда ишчиларнинг оғир меҳнатдан сўнг дам олишларини ташкил этиш учун бир неча кўнгилочар тадбирларни таклиф этади. Энг кўп овозни оммавий рақслар, сузиш ва аёллар футболи олади ва шу пайтданоқ янги жамоалар тузишга киришилади. Аёллар футболи ўша пайтлардаёқ узлуксиз ривожланиш йўлига тушиб олиши мумкин эди. Лекин бошиданоқ хато йўл танланди – стадионларга келган томошабинлардан тушган пулларнинг ҳаммаси хайрия ишларига сарфланаверди. 1917 йилда Престондаги "Норт Энд” стадионида ўтказилган аёллар ўртасидаги футбол матчига 10 минг томошабин ташриф буюрган ва чипталар сотувидан 600 фунт стерлинг пул тушган. Бу ўша давр учун рекорд натижа бўлиб, ҳатто эркаклар ҳам ҳавас қилса арзирди. Аёллар футболи ўзининг кўҳна тарихи билан ҳам эркаклар футболидан қолишмайди. Тахминан 2000 минг йил муқаддам яратилган Хитой ғорларидаги тошларга ўйилган суратларда аёлларнинг тўп тепаётганлари тасвирланган. Аёллар футболи ривожланиш, узлуксиз тақиқлар, норасмий яширин чемпионатлар ва ниҳоят расмий мақом олиш каби мураккаб жараённи босиб ўтди. Ишониш қийин, лекин ҳатто 1970-йилларга қадар ҳам Бразилиядек футбол мамлакатида аёллар футболи бутунлай тақиқланган эди. 1920 йилда аёллар футболи янги поғонани забт этди. Шу йилнинг апрел ойида дастлабки халқаро мусобақа ўтказилди. Англиянинг "Дик Керр Лэдис” жамоаси Франциянинг "Фемина” жамоасини курашга чорлади ва 2:0 ҳисобида чиройли ғалабага эришди. Бу ўйинни 25 000 нафар томошабин бевосита томоша қилганди. "Фемина” жамоаси Европада аёллар спортининг жонкуярларидан бири – Мии хонимга тегишли эди. "Дик Керр Лэдис” эса яна бир мутлақ рекорд билан мақтана олади: 1921 йилда "Сент Хелен Лэдис” билан ўтган учрашувга 53 000 (!) томошабин ташриф буюрганди. Лекин, айнан ўша йили Британия футбол ассоциацияси турли важлар билан аёллар футболини тақиқлаб қўйди ва бу тақиқлар жуда узоқ вақт – 60-йилларнинг охирига қадар амалда бўлди. 1966 йилда Англияда дастлабки норасмий Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Англия, Франция, Италия, Чехословакия каби давлатларда аёллар футбол федерациялари ташкил этилди. 1969 йилда давлатлар ўртасида дастлабки матч ўтказилди ва унда италиялик хонимлар данияликлар устидан 3:1 ҳисоби билан ғалабага эришди. Дастлабки миллий лига Италияда пайдо бўлди. 1986 йилга келибгина "ФИФА” қошида аёллар футболи бўйича қўмита ташкил қилинди ва 1988 йилда Хитойда синов тариқасида расмий халқаро турнир ўтказилди. Дастлабки Жаҳон чемпионати ҳам 1991 йилда шу давлатда бўлиб ўтди. 1996 йилда аёллар футболи Олимпиада ўйинлари сирасига киритилди ва эндиликда ҳеч ким бу спорт турининг ёрқин келажагига шубҳа қилмай қўйди Прикрепления: Rasm 1 | |
Просмотров: 933 | |
Всего комментариев: 12 | 1 2 » |
| |
1-10 11-12 | |