Главная » 2014 » Июль » 5 » Аргентина vs Бельгия: Тажриба ёки шижоат?
20:17
Аргентина vs Бельгия: Тажриба ёки шижоат?


Бугун Жаҳон чемпионатининг яна икки ярим финал иштирокчиларисининг номи аниқланади. Мусобақа фаворитларидан бири ҳисобланувчи Аргентина терма жамоаси Бразилиа шаҳридаги "Estadio Nacional" ўйингоҳида Бельгия термасини қабул қилади.

Аргентина футболчилари сўнгги учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилишлари учун 118 дақиқа кутишди. Ўшанда ҳам Лионель Месси рақиб ҳимоячиларининг атиги битта хатосидан унумли фойдаланиб, Ди Марияни голлик вазиятга олиб чиққанди.

Бельгия термаси учун ҳам ўтган ўйин осон кечмади. Улар ҳам Аргентина каби қўшимча бўлимларда ўйнашларига тўғри келди. АҚШ термасини 2-1 ҳисобида ютиб, рақибларини мусобақадан чиқариб юборишди.

Жанубий Америка вакиллари мусобақада ўтказган барча ўйинида юзага келган кичик имкониятлардан фойдаланиб келишмоқда. Сабаби, Босния ва Герцеговина, Эрон ҳамда Швейцария термали "Месси ва Ко."га қарши кўпроқ ҳимоядан ўйнашганди. Битта Африка қитъаси вакиллари - Нигерия термаси очиқ ўйин таклиф этди. Шу учун ҳам Аргентина нигерияликлар дарвозасига 3та тўп киритишга муваффақ бўлди.

Бельгия термаси ҳимоя ва ҳужумга бир хил эътибор қаратадиган жамоа ҳисобланади. Шу туфайли европаликлар бугунги учрашувда қарши ҳужумда ўйнаса, ажаб эмас.

Аргентина термаси сафида иккита сариқ карточкаси туфайли бугунги ўйинни ўтказиб юборадиган Марко Рохо ўрнини Хосе Мариа Басанта эгаллайди. Серхио Агуэро ҳам машғулотларга киришган бўлса-да 90 дақиқа ўйнай олмаслиги мумкин. Шу сабаб унинг ўрнини швейцарияликларга қарши майдонга тушган Эсикель Лавесси эгалласа керак.

Бельгия терма жамоаси мураббийида ҳужум чизиғига кимни қўйиши муаммо туғдириши аниқ. Сўнгги ўйинда захирадан мадонга тушган Ромелу Лукакуми ёки ўзининг ишончли ўйини ва тўпни назорат қилиши билан мутахассислар эътиборини тортаётган Дивок Оригими?

Иккала жамоа ҳам 4-2-3-1 тизими остида ўйнаса керак.

Аргентина термасининг тахминий таркиби:

Ромеро - Сабалета, Гарай, Фернандес, Басанта - Маскерано, Гаго - Ди Мария, Месси, Лавесси - Игуаин

Бельгия термасининг тахминий таркиби:

Куртуа - Алдервэйлд, Ван Буйтен, Компани, Вертонгелен - Дембеле, Витцель - Азар, де Бруйне, Мираллас - Лукаку

Агар Аргентина термасини мусобақадан чиқариб юборишни истаса, бельгияликлар аввало Лионель Мессини ёпишлари керак бўлади. Менимча, бу вазифа Витцелга топширилади ва унга Компани ёрдам беради. Феллайни эса, бундай вазифани бажара олиши учун идеал номзод эмас ва шунинг учун ҳам у захирада қолдирилиши мумкин.

Месси Аргентинанинг барча голлик ҳужумларида иштирок этиб келмоқда. Дарвозага киритилган 7та тўпдан 4тасини у ўз ҳисобига ёзган бўлса, яна битта голга у ассистентлик қилди.

Пабло Сабалета ва Азар дуэлини кузатиш ҳам жуда қизиқ бўлади. Икки ўйинчи ҳам бири-бирини Англия Премьер-лигасидан яхши билишади. Аргентина термаси ҳимояси ўйинда ишончли кўринмаяпти ва бугунги ўйин улар учун жиддий синов бўлиши турган гап.

Агар Нигерия термаси Лотин Америка вакиллари дарвозасини икки марта ишғол эта олган бўлса, таркибида янада тажрибали футболчилари бор Бельгия ҳам рақиб дарвозасини даҳлсиз қолдирмаса керак.

Бугунги ўйин қанчалик кескин ва муросасиз ўтмасин мен Аргентинани 2-1 ҳисобида ғалабасини башорат қилган бўлардим.
Категория: Sport Yangiliklari | Просмотров: 590 | Добавил: number_1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]