Главная » 2014 » Август » 3 » Ботир Қодиров: “Саломатман, ичкиликка ҳам муккамдан кетганим йўқ”
14:59
Ботир Қодиров: “Саломатман, ичкиликка ҳам муккамдан кетганим йўқ”
Бу хонанданинг мухлислари бугун республикамизнинг деярли барча ҳудудида топилади. У атрофидаги миш-мишларга ҳар қанча кўникмасин, уларнинг тинишига ҳеч ким кафолат бермайди. Суҳбатимиз Ботир ҚОДИРОВнинг офисида бўлди. Лабиринтлардан кичик ҳовлига ўтдик, у ер исириқ исига “тўла” эди...

— Ботир ака, хориж, хусусан, Дубайга серқатнов бўлиб қолгансиз. Бу юришлар тижорийми ёки ижодий?

— Азалдан саёҳатларни яхши кўраман. Бошқа давлатларнинг санъати, маданияти, урф-одатларига қизиқаман. Лекин шу кунгача юртимдек гўзал ва ҳушҳаво заминни учратмадим. Юришларимнинг тижорат эмас, ижодий сабаблари бор. Аммо асл мақсад дам олиш эди. Санъат одамдан бир вақтни ўзида руҳий, жисмоний ва ҳиссий кучни талаб этади. Юрак тинимсиз “ишлайди”, бу эса ўз-ўзидан асабларни зўриқтиради. Дам олиш кейинги ижодий парвозлар учун зарур.

— Бу сафарлар турли хил миш-мишларни “болалатди”. Соғлигингиз билан боғлиқ совуқ “ташхислар”ни назарда тутаяпман.

— Бу мен ҳақимдаги биринчи ғийбат эмас. Охирги сафарим олдидан “Ўзбекнаво”дан озгина шамоллаганим учун жавоб олгандим. Мухлислар орасида эса “тоби йўқ, Дубайда”, деган гап тарқалган. Худога шукр, саломатман, руҳий аҳволимдан шикоятим йўқ, қолаверса ичкиликка ҳам муккамдан кетганим йўқ. Яна тўйда кимдир мени урганмиш... буларнинг барчаси бўлмаган гаплар! Аслида бу каби гап-сўзларга сира ғашим келмаган. Шунчаки, яқинларим ҳавотирга тушиб қолишади. Куни кеча холам Андижондан келиб “Ботир, яхшимисан? Сенга сурмами-ўсмами ичириб қўйишибди...” деди (кулади). Муҳими, шундай жараёнларда одам ўзини йўқотиб қўймаслиги! Тушунмайман, санъаткорнинг касал бўлишга ҳаққи йўқми?! Йил 365 кун саломат юришимизга кафолат бериб бўлмайди-ку!

— Вилоятдаги тўйларни бекор қилганингиз ҳам балки миш-мишларнинг “бўйини баланд” қилгандир?

— Иккита тўй ўз-ўзидан бекор қилингани йўқ. Баланд ҳарорат билан қандай қилиб хизматни рисоладагидек ўтказиш мумкин?! Қаттиқ шамоллаганим учун тўй эгасини белгиланган кундан анча олдин огоҳлантирдик. Қолаверса, “биз боролмаймиз, ўрнимизга кимни гаплашиб берайлик?” деган таклифни ҳам айтдик. Кечирасиз-у, баъзи санъаткорлар тўй куни “отказ” қилади. Кимгадир ваъда бериб, кейин кўпроқ пул берган томонга оғадиганлардан эмасман. Агар ўша тўй бекор қилинган куни бошқа хизматга борганимни эшитган бўлса, нима деса розиман. Лафз, ваъда тушунчалари қон-қонимга сингиб кетган. Онам раҳматли ўлимидан аввал “боравер, сени халқ кутаяпти”, деб мени сафарга кузатганди. Онам санъатнинг масъулиятини менга уқтириб кетган.

— Вилоятларга кам боряпсиз, Тошкентдан етарлича маблағ йиғиляпти, шекилли?

— (Кулиб) Бу ижодий услубимнинг ўзгариши билан боғлиқ. Ўн тўрт йилдан бери Тошкентда муқим яшайман. Талаб қаердан кўп бўлса, айнан ўша ерда бормиз. Шаҳардаги хизматларнинг қулайлиги шундаки, эрталаб оилам билан нонушта қиламан, болаларимни боғча-мактабга олиб бораман. Кейин студияда ишлаш имкониятим кенгаяди, қолаверса сузишга бориш учун фурсат топаман. Бу вилоятларга бутунлай бормаймиз, дегани эмас. Ижодимдан келиб чиқиб ҳаракат қиламан. Лекин ижодий гуруҳ билан келишиб битта вилоятдан 3-4 та тўй олиб, бир соатдан хизмат олишга қарор қилдик. Бу тўй эгасига ҳам қулай, бир соатлик хизмат билан “навбатчилик”нинг нархи анча фарқ қилади.

— Миш-мишлар ижодга кириб келишингиз билан бошланган эди, ҳамон давом этаяпти. Яхшими-ёмонми ғийбат бу — ғийбат! Иродангиз панд бериб қўйишидан қўрқмайсизми?

— Йўқ, ички ҳимоямга ишонаман. Ҳар бир гап-сўзга вақт сарфламайман. Яхшиси, эътиборимни ижодга қаратганим маъқул.

— Ижодингизда ҳам янгиликлар “қайнамаяпти”, Муниса Ризаева билан айтилган дуэтдан кейин янги қўшиқ эшитмадик?

— Азалдан ҳар куни янги қўшиқ ёзадиганлар қаторида бўлмаганман. Одамлар бир қўшиқ тақдим қилгач, икки қадам олдинга юрса, мен икки қадам орқага юраман. Пастдан ўзимни кузатаман, натижа қандай, бу шуҳрат қачонгача давом этади? Шу саволларга жавоб топгачгина юришни бошлайман.

— Ўйчи ўйини ўйлагунча, таваккалчи ишини битиради...

— Мен ўйчиларданман! Баъзида таваккал ҳам қиламан, лекин жуда кам ҳолларда. Шогирдларимга ҳам ўйлаб қилинган ишнинг натижаси чиройли бўлишини тайинлаб келаман.

— Устоз-шогирд анъанаси бугун анча ёшариб кетгандек, назаримда?

— Тўғри, айтдингиз. Лекин профессионал санъаткор “шогирдликка олинг”, деб келган ёшларга тўғри йўлни кўрсата олиши муҳим. Ана шу нуқтада устозликнинг ҳадиси билинади. Агар сизга ҳавас қилиб келганларнинг истеъдоди, келажагини кўра олмасангиз, унинг умрини зое кетишига сабабчи бўласиз. “Бошқа иш қилганинг маъқул”, деган гапни ҳам ўрнида айта билиш зарур. Бу манманлик билан эмас, тўғри маслаҳат ўрнида айтилса мақсадга мувофиқ бўлади.

— Сизга кимдир “бошқа иш қилганинг маъқул”, деган қабилида маслаҳат берганми?

— Аксинча, “бошқа иш қилсаммикан?” деганимда, айнан санъат йўлидан боришимни маслаҳат беришган.

— Истеъдодлар кўп, аммо “кетмони учмаган”лар ҳам. Сизнингча, омад одам танлайдими?

— (Ўйланиб) Қийин савол. Буни фақат Яратган билади.

— Даврингиз келди, аммо фойдалана оляпсизми?

— Албатта! Ахир ҳаммасига меҳнат билан эришдим. Нега фойдаланмаслигим керак?! Имкон қадар энг юқори нуқтасигача унумли фойдаланиш керак.

— Машҳурсиз, севимлисиз, танишади. Тасодиф сабабми сизни илғамай, танимай қолишса?

— Бу фожеа эмас! Лекин “юлдузлик”ка интиламиз, эришгач елкага катта масъулиятни оламиз, тан олиш керак баъзида чарчаймиз, безамиз. Лекин ҳеч қачон воз кечгингиз, бу фурсатни ҳар қанча қийин бўлмасин қўлдан бергингиз келмайди.

— Виждонингиз олдида уялмайсизми?

— Хатоларим бор, лекин уларни такрорламаганман!

— Суҳбат давомида ўзингизга нисабатан ишончингиз яққол сезилди. Ички ҳимоянгизга ҳавас қилса бўлади. Бу бугуннинг натижаси эмас.

— Болалимдан шундайман. Берилган тарбиянинг натижаси бўлса керак.

— Балки мен адашаётгандирман, лекин ички ҳимоя чизиғингизга “ҳеч кимни мени хафа қилишга ҳаққи йўқ”, деган ёзувлар ёзилгандек?

— Фақат Худодан қўрқаман! Ҳаётимдаги яхши кунлар учун шукр қилиб, ёмон лаҳзаларда сабр сўраб ўрганганман.

Хулоса ўрнида: Биргина суҳбат давомида қатъий хулоса қилиб бўлмайди. Лекин барибир таассурот бўлиши табиий. Талабчан, ўзига ва ўзгаларга нисбатан аниқ муносабатни ҳуш кўрадиган хонанданинг ҳаётий принциплари “ясама” эмас. Озгина манманлик (меъёрида), ўзига ярашадиган ғурурини инкор этиб бўлмайди. Бугун унинг омади кулиб турибди, эрта, индин ва бошқа йилларда ҳам шундай кунлар бағрида бўлинг.

Севдо НИЁЗОВА суҳбатлашди.


MANBA: Darakchi.uz
Прикрепления: Rasm 1
Категория: Shou biznes | Просмотров: 1190 | Добавил: Sherzod_230688
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]