14:31 Чанг бўлмаса, одам минг йил яшаши мумкин! | |
Абу
Али ибн Синода чанг таркибини ўрганиш имконияти бўлмаган, лекин улуғ
табиб чанг-тўзоннинг инсон саломатлигига салбий таъсири, кўплаб
касалликларга сабаб бўлишини жуда яхши англаган. Бобомизнинг доҳиёна
сўзлари эсингиздадир: "Чанг бўлмаса, одам минг йил яшаши мумкин!” Кўча чанги Биз кўчада ҳаво билан ютадиган чанг шунчаки зарралардан эмас, балки ишлаб чиқариш саноати натижасида пайдо бўлган кимёвий бирикмалар, оғир металлар тузлари, шунингдек, касалликларга сабаб бўлувчи турли бактерия ва вируслардан иборат. Айтайлик, автобус бекатида чанг-тўзон ичида қолиб кетдингиз ва икки кундан кейин бирданига шамолладингиз. Бу ҳолат, ҳойнаҳой, вируслар тўла чангли ҳаводан нафас олганингиз натижаси. Агар ишлаб чиқариш корхоналари яқинида яшасангиз, билингки, бошқалардан кўра кўпроқ чанг ютаяпсиз. Ёнингиздаги завод ўзидан қўрғошин ёки марганецли чанг тарқатса, бу кўпинча заҳарланишга сабаб бўлади. Кўп миқдордаги асбест ва цементли чанг, ҳатто, онкологик хасталикларга олиб келиши мумкин. Чанг қанчалик майда бўлса, шунчалик зарарлидир. Миттигина чанг зарралари нафас йўлларига чўкиб, бурун-ҳалқумни зарарлайди, кўз ва терига салбий таъсир қилади. Оқибати аён — ўпка хасталиклари, конъюнктивит, дерматитлар… Чанг булардан ҳам оғирроқ дардларга сабаб бўлиши мумкин. Масалан, сил таёқчалари чангда бир неча ойдан бир неча йилгача яшайверади. Ўсимликлар гуллайдиган паллада чанг таркибида аллерген — гул чанги ҳам бўлади. Аллергияга чалинганлар бунинг нима эканини яхши билишади: кўзнинг ёшланиши, бурун битиши, тинка-мадор қуриши. Айтганча, чанг ердан бир метр баландликда, айниқса, кўп бўлади, демакки, унинг катталардан кўра болаларга зарари кўпроқ. Шундай экан, шамол эсаётган маҳал кичкинтойни кўтариб олганингиз маъқул. Нима қилиш керак? Кўча чангига қарши курашиш учун қуйидагиларга амал қилинг: аллергияга чалинган бўлсангиз, кўчадан уйга қайтгач, душ қабул қилинг; чангдан қутулиш учун бурун-ҳалқумни денгиз тузи эритмаси билан тозаланг; шамол эсаётган бўлса, ҳимояловчи кўзойнак тақинг; чанг иш қиладиганлар иш пайтида ниқоб тақиб олгани маъқул. Чанг қуйидаги аъзоларни зарарлайди: кўз (конъюнктивит, блефарит); тери (дерматитлар); иммун тизими (аллергия); ўпка (астма); бурун-ҳалқум (тумов, томоқ ачишиши). Уйдаги "зараркунанда" Уй чанги — кучли аллерген. Унинг таркибида бактерия ва вируслардан ташқари, мато-кийимлар, одам-ҳайвон териси ҳамда кўчадан илаштириб келинган чанг-чунг зарралари, ошхонадан чиқан қурум, маиший тозаловчи воситаларнинг кимёвий бирикмалари стрептококклар ва стрептококклар, моғор замбуруғлари, чанг каналари ҳам бор. Айниқса, чанг каналари кучли аллергенлар бўлиб, аллергик тумов, бронхиал астмани қўзғайди. Шунингдек, чанг ёғ безларини беркитиб, бактериялар кўпайишига имкон яратади, натижада терида тошмалар, ҳуснбузарлар пайдо бўлади. Юмшоқ мебель, гиламлар (айниқса, синтетиклари) ва тозалаш қийин жойларда чанг кўп бўлади. Агар ундан чангютгич ёрдамида қутуламан, десангиз, адашасиз. Чангютгичда тозаланган чангнинг учдан бир қисми қайтиб яна ташқарига тарқалар экан. Энг яхши йўл — намлаб тозалаш ва табиий вентиляция, яъни хонани шамоллатиш. Уй чангига қарши курашиш учун... кўрпа-тўшак ва кийимларни уйда қоқманг; хонани тез-тез шамоллатинг ва ҳамма ёқни нам латта билан артинг; жавонларнинг эшиги ёпиқ турсин, китобларни ойнали жавонда сақланг ва вақти-вақти билан уларни чангютгичда тозаланг; хона гулларининг баргини нам латта билан артинг, уларга сув пурканг; каналардан қутулиш учун кўрпа-тўшак, ёстиқлар камида икки соат офтобда турсин. | |
Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 828 | |
Всего комментариев: 2 | |
| |