Главная » 2014 » Ноябрь » 21 » Дилноза Кубаева: “Яхши ролларга тайёрман, режиссёрлар тайёр эмас”
17:41
Дилноза Кубаева: “Яхши ролларга тайёрман, режиссёрлар тайёр эмас”

“Икки авлод” лойиҳасига ноябр ойида журналист сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашевани танладик. Актрисанинг таклифи билан илк учрашув театр ва кинода кўпгина роллари билан томошабинлар қалбидан жой олган актриса Дилноза Кубаева билан бўлиб ўтди.

Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

 

— Дилноза ҳам шогирдим, ҳам ўз қизимдек бўлиб қолган. Уни талабалик йилларидан яхши биламан. Ўта тиришқоқ, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайдиган қиз. Доим кулиб турса-да, ботинида қандайдир маъюслик яширин. Бугунги суҳбат орқали буни билишга ҳаракат қилиб кўраман.

 

— Дилноза, бир театрда ишлаб, иккимиз бир хонада грим қилсак-да, ишдан ортиб юракдан гаплашишга ҳеч вақт тополмаймиз. Мана бугун фурсати келди.

 

— Рост, сира вақт тополмаймиз.

 

—  Авваллари ҳар бешта фильмдан 3 ёки 4 тасида сизни кўрардик. Ҳозир эсакамнамосиз. Нега янги кинофильмларда кам кўриниш берадинг бўлиб қолдингиз?

 

— Бунга бирор жиддий сабаб бор деб айтолмайман. Шунчаки пухта ишланган лойиҳалар, яхши сценарийлар кам.

 

— Вақт ўтавергани сайин санъатда ҳам авлодлар алмашинуви бўлади. Биз ҳам қачондир энг пешқадам  актрисалар қаторида бўлган бўлсак, бироздан сўнг бошқа актрисалар ўрнимизни эгаллашган. Балки сизда ҳам ҳудди шундай жараён кузатилаётгандир. Бугун мени ўрнимни бошқа ёш актрисалар эгаллаган, деган фикрга келмаяпсизми?

 

— Ҳали бундай фикрга боришга улгурмадим (кулиб). Менимча ёшимга мос роллар ҳали олдинда. Ҳозир бизнинг кино ўтиш даврини бошдан кечиряпти. Кишининг ёши улғайгани сайин ҳаётий тажрибаси ортади. Ақли тиниқлашиб, ғайратга тўларкан. Лекин катта-катта асарларда рол ўйнашга тайёр турганимда режиссёрларимиз бундай асарларга қўл уришмаяпти.

 

— “Келганда келин ёхуд Андижонча муҳаббат” фильмидаги ролингиз кўпчилик мухлисларингизга манзур бўлди. Лекин бу фильмнинг сценарийси хориж фильмларидан кўчирилганини айтиб ўтиш жоиз. Буни билганмидингиз.

 

— Билганман албатта. Лекин бу фильмда ўзбекона руҳ, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қурилиш, ободончилик ишларининг, шукроналикнинг нафаси бор. Биргина Андижон вилояти мисолида бугун мамлакатимиз эришаётган ютуқларни намоён этишга уринганмиз.

 

— Актёр учун ҳам, режиссёр учун ҳам энг одил баҳони томошабин беради деймиз, лекин ўзингиз ролларингизга қандай баҳо берасиз. Кўнглингиз тўляптими?

 

— Ўйнаган ролларим ким учундир бачканаликдир, ким учун сариқ чақага ҳам тенгмасдир. Лекин уларнинг замирида катта меҳнат ётибди. Ҳар бирида менинг юрагим, умримнинг бир бўлаги бор. Ҳар бири ҳаётимдаги қайсидир хотираларни ёдга солади. Кескин танқидлар бўлган вақтда юрагимга жуда оғир ботади. Бир неча ойлик тинимсиз меҳнатимизни бир онда саробга чиқаргандек бўлишади. Аслида сценарийларга жуда талабчан актрисаман. Сценарийни кўлимга олишим билан фильм ўз аудиториясига нима беради, айтадиган гапи борми, томошабинга ўрнак бўла оламанми, деган талабларим бўлади. Танқидий фикрларни эшитганимда, уларни шунчаки четлаб ўтолмайман. Узоқ ўйлайман: наҳотки рол танлашда адашган бўлсам...

 

— Масалан, театрда ўйнаган ролларимда ҳам, кинодаги ролларимда ҳам ўзимдан қўшилган жойлари жуда кўп. Айнан Раъно Ярашевага хос ҳолатлар. Сизнинг ролларингизда-чи? Қаҳрамонларингизнинг  ҳаётдаги Дилнозага ўхшаш жиҳатлари борми?

 

— Ҳаммасида бор (кулиб). Агар ўша ролда ўзимни топмасам, ўйнаётган ролимга ўзим ишонмасам, томошабинни қандай ишонтираман. Ҳар бир ролда қисман Дилноза яшайди. Лекин “Келгинди келин” фильмида жуда қийналганман. Эрка, тантиқлик мени табиатимга  умуман ёт бўлган. Бироқ бу фильмда ҳам ҳақиқий Дилнозани пайқаш қийинмас. Фильмда дадамга қўнғироқ қилиб, “дадажон, қачон келасиз, соғиниб кетдим” дейдиган қисмида айнан МЕНИ кўрасиз. (кулиб)

 

— Санъатга эндигина кириб келган пайтларим атрофимда журналистлар жуда кўп бўларди. Ва кўплари “Сиз оилани танлайсизми ёки санъатни” деган саволни беришарди. Ҳеч иккиланмай санъатни устун қўяман, оилам учун фарзандларимни дунёга келтирдим, вояга етказяпман, ота-онам  яқинларим ёрдам бериб туришибди, шунинг учун санъатга фидоий бўламан деб жавоб бергандим. Сиз бу саволга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

 

— Раъно опа ўзингизга маълум,  ҳозир шароитим етарли. Онам, яқинларим ёрдам бериб туришибди, қўллаб қувватлашяпти. Очиғи ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Шунинг учун бу саволга қандай жавоб беришни ҳам билмайман.

 

— Бу тарафдан ҳам бир-биримизга ўхшаймиз. Мени ҳам ота-онам, ака-ука, опа-сингилларим ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб қувватлашган. Бугунги ютуқларимга уларнинг хизмати беқиёс. Ишонасизми,  шу вақтгача она бўлиб фарзандларимни истироҳат боғига олиб борган эмасман. Дарслари борми, ош-овқати борми ҳаммаси яқинларимнинг зиммасида эди. Энди шу ёшга етганда ўзимнинг ёлғизлигимни хис қиляпман.

 

— Ҳозир сиз гапиряпсиз-у, кўз ўнгимда фарзандим гавдаланяпти. Мен ҳам ўғлимни боғларга олиб борсам, дейман. Ўзимни ўғлимнинг олдида айбдордек ҳис қиламан.

 

— Дилноза, балки шахсий ҳаётга жиддий эътибор бериш вақти келгандир. Яна турмушга чиқарсиз?

 

— Мени боримча қабул қиладиган, экрандаги Дилноза Кубаевани эмас, саҳна ортидаги оддий Дилнозани севадиган, бор нуқсонларим, камчиликларим билан яхши кўрадиган, муаммоларимни тушунадиган, маслаҳатдош, суянч бўла оладиган инсон бўлса албатта турмушга чиқардим. Керак бўлса туғишган жигарларимдан ҳам яқин бўла оладиган инсон бўлсин дейман. Лекин атрофимда бундай инсон йўқ.

 

— Мен ҳам сиздай бўлганман. Талабларим жуда юқори эди. Лекин шундай инсон учрамаган. Қарс икки қўлдан чиқади, сиз ҳам  қайсидир камчиликларига кўз юмиб, мана шу мен қидирган инсон деб ўйлашингиз керакдир.

 

— Менинг талабларим сиз айтганчалик эмас. Иймонли, қалби гўзал инсон бўлса, албатта ўйлаб кўрардим. Ҳали ҳаёт олдинда, тақдиримизга битилганидан ортиғи бўлмайди-ку ахир.

 

— Талабалик даврларингизда театрга келганингизни жуда яхши эслайман. Она-боладек бўлиб кетдик. Кўп интервюларда Раъно Ярашева ҳам онам, ҳам устозим деганингизни эшитиб очиғи жуда хурсанд бўлдим. Шунинг учун ҳам сизни ўз қизимдек яхши кўраман, куюнаман. Ҳар бир она сингари бахтингизни кўрсам дейман.     Театримиздагиларнинг хонадонларидаги яхши кунлар ёки бошқа ҳамкасбларимизнинг тўйлари, тантаналарига кўп ҳолларда борасиз-да, тезда кетиб қоласиз. Келганингизда дарров ҳаммага табассумингиз билан қувонч улашасиз. Лекин кўзларингизнинг тубида қандайдир маъюслик яширин. Балки бошқаларга сезилмас. Нега бундай давраларда узоқ ўтиролмайсиз?  

 

— Уйимни, оиламни соғинаман. Ўғлимни олдида ўзимни айбдор хис қилавераман. Чунки, кўп вақтим кўчада, ишда ўтади. Асални ҳам ози ширин дейишади, бироз ўтириб, кўнгил олиб, онамнинг, ўғлимнинг ёнига тезроқ борсам дейман. Нозик касб эгаларимиз, еса-емаса бўрининг оғзи қон деган гаплар бекорга айтилмаган. Шунинг учун бундай давраларда турли гап-сўзлар ораламасин, одамлар дарров ёмон хаёлларга бормасин, деб сездирмайгина ғойиб бўламан. Лекин ўзимизнинг театрдагилар йиғилган давраларда ўзимни бемалол тутаман.

 

— Ўғлингизни қайси касбда бўлишини истардингиз?

 

— Муҳаммадаминнинг хотираси зўр. Жуда чиройли қўшиқ айтади, иқтидори бор. Лекин негадир саҳнага интилмайди. Бу албатта менинг ҳам  хоҳшим. Баъзан,  кескин феъл-атвори, гап сўзларини эшита туриб шифокор бўлса керак деб ўйлаб қоламан. Дадасининг ҳам васияти шундай эди. Сулоламизда шифокорлар кам. Шунинг учун шифокор бўлса йўқ демасдим. Ўғлим билан катта одамлардек гаплашаман. Бағрига бошимни қўйганимда, барча дардларимдан фориғ бўламан. Кичкина бўла туриб менга шундай суянчиқ бўладики, буни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Ўғлим ориятим, қалқоним. Ёлғиз қолганимда, катта бўлгач, тўйлар қилишни, келин тушириш, ўша вақтларда яқинларим қатори сизлар, ҳамкасблари қўллаб-қувватлаб туришлари кўз ўнгимдан ўтади. Бу орзуларим ушалишига албатта ишонаман.

 

Дилноза Кубаева, актриса:

 

— Таҳририят ходимлари ким билан юракдан суҳбатлаша олишимни билишибди. Раъно опа билан бўлиб ўтган суҳбат ҳақиқатдан ҳам жуда самимий бўлди. Чунки, иккимизнинг  фикримиз ҳам, ўйларимиз ҳам бир жойдан чиқди.

 

Лойиҳа муаллифи: Қамариддин ШАЙХОВ

 

Фотомухбир: Дониёр Ибрагимов

 
 
Manba: Darakchi.uz
Прикрепления: Rasm 1
Категория: Shou biznes | Просмотров: 1252 | Добавил: Sherzod_230688
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]