09:10 ФУТБОЛНИНГ МОҲИЯТИ | |
Нептун сайёрасидан юборилган олти экспедициянинг Ер орбитасида олиб борилган тўрт йиллик кузатишлари натижасида, ушбу сайёра ҳақида етарлича маълумот тўпланди. Сайёра қаъридаги кимёвий реакциялар натижасида ҳаёт учун зарур бўлган иссиқликнинг 90 фоизини олувчи, қуёшнинг оз миқдордаги нури бориши ҳисобига заминида ҳаёт пайдо бўлган нептунликлар фақат қуёш иссиқлиги ҳисобига яшовчи ерлик онгли мавжудотларнинг ўзларига шаклан ўхшашликларига ҳайрон қолишди. Лекин кузатишлар ерликлар онгида турли камчиликлар борлигини кўрсатиб турарди. Барча минтақадаги одамлар бир-бирлари билан турли транспорт ва телекоммуникация воситалари билан доимий алоқада бўлувчи ерликларнинг яшаш шароитларидаги даҳшатли фарқлар, урушлар ва атроф-муҳитга бўлган ваҳшиёна муносабат, ерликларнинг тараққиётнинг ўрта босқичида турганликларини кўрсатарди. Лекин шунга қарамай, нептунликлар ерликларни яхшироқ ўрганиш учун яна бир экспедиция жўнатишга қарор қилишди. Аввалгилардан фарқли ўлароқ, бу экспедиция ерга қўниши ва ерликлар билан мулоқот ўрнатиши керак эди. Бу мулоқотга ерликларнинг муносабати қандай бўлишини билмаганликлари учун бир қанча эҳтиёт чораларини кўрдилар. Хусусан, ерликларнинг эътиборини тортмаслик учун ракетани ерликларнинг тўққиз қаватли уйи шаклида қуришди. Экспедиция аъзоларини эса пластик операция ва ранг-пигментларини ўзгартириш воситасида ерликлардан фарқ қилмайдиган кўринишга келтирдилар. Нептунликлар, овозсиз учувчи ракетасини ерликлар шаҳрининг ўзларининг кемаларига ўхшаш уйлари орасидаги бўшлиққа эрта тонгда қўндиришди. Нептунликлар кемаларининг ойналаридан ерликларнинг ҳаётини кузата бошладилар. Шаҳар аста уйғониб келарди. Қўшни уйлар деразаларидан чироқларнинг бирин-кетин ёниши, ерликларнинг ювиниб, кийиниб, телевизор томоша қилиб овқатланишлари кўриниб турарди. Соат 7дан бошлаб ерликлар уйларидан чиқиб, турли томонга тарқаб кета бошладилар. Уларнинг кўпчилиги янги пайдо бўлиб қолган уйни, ҳатто пайқамадилар ҳам. Пайқаганлари ҳам, бир елка қисиб қўйиб, ўз йўлларида давом этдилар. Соат 9дан кейин кўпчилик хонадонларда ҳеч ким қолмади. Соат 12 дан кейин эса уйлар яна гавжум бўла бошлади. Эрталаб чиққан ерликлар турли сумка ва пакетларни тўлдириб, уйларига қайта бошладилар. Бу воқеалар худди Нептун шаҳарларидагидек эди. Кеч соат 5дан кейин нептунликлар ўз кемаларидан чиқиб, шаҳарликларга қўшилиб кетдилар. Бу вақтга келиб, яна одамлар уйларидан ташқарига чиқа бошладилар. Эркаклар 3-4та бўлишиб, деярли ҳаммаси шаҳарнинг бир нуқтасига қараб кетиб борардилар. Нептунликлар ҳам улар билан изма-из боравердилар. Минглаб одамлар қандайдир улкан бир иншоот атрофидаги кичик хоналардаги одамга қоғоз узатишар, ўрнига бошқа бир қоғоз олиб, иншоот зиналари орқали юқорига чиқиб, кўринмай кетардилар. Нептунликларнинг юксак даражада тараққий этган миялари кун бўйи одамлардан эшитган овозларни таҳлил қилиб чиққан ва ерликларнинг гапларини тушунадиган ҳолатга келган эди. Нептунликлардан бири эгнидаги енгил курткасини сотиб, барча нептунликлар учун билет олди. Зинадан юқорига кўтарилган нептунликлар иншоотнинг ўртаси ям-яшил майдон эканлигини кўришди. Минглаб одамлар майдон атрофидаги жойларни аста-секин тўлдириб борар эдилар. Зукко ўқувчиларимиз ўзга сайёраликлар футбол стадионига келиб қолганларини аллақачон тушуниб етган бўлсалар керак. Уларни 50-60 минг кишини ўзига жалб қила оладиган ўйин жуда қизиқтириб қўйди. Ўйин бошланди. Бутун стадионни тўлдириб ўтирган томошабинлар ўйинни ҳаяжон билан кузатишарди. Ўйинчилар тепган тўп дарвоза устуни ёки тўсинига тегса ёки унинг ёнгинасидан ўтиб кетса, 50-60 минг кишининг бирданига “ув-в-в” деб наъра тортишларига нептунликлар тушунмай ҳайрон бўлардилар. Бундай ҳол яна такрорлангунга қадар томошабинлар ўйиннинг шу лаҳзасини муҳокама қилишарди. Улар бир-бирларига ўйинчи тўпни қандай тепиши кераклигини тушунтирар эдилар. Нептунликларни лол қолдирган нарса ҳам айнан шу бўлди. Улар ўз-ўзларига “Нега энди 50-60 минг томошабин тушунган ва билган нарсани шу соҳанинг мутахассиси бўлган футболчилар тушунмайди?” деб савол бериб ўтирардилар. Ўйин давомида дарвозаларга иккита тўп киритилди. Бу ҳодиса ҳамма томошабинларнинг қийқириб ўринларидан туриб кетиши, бир-бирларини қучоқлашларига сабаб бўлди. Шунда нептунликлар ўйин пайтида киритилган голлар кишиларга қанча қувонч ва шодлик келтиришини англаб етдилар. Йўл юриш мобайнида ҳам, улар киритилган икки гол муаллифларининг маҳоратига таҳсинлар айтиб борардилар. Нептунликлар ҳам ўз кемаларига қайтдилар. Кемада улар футбол ўйини ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Суҳбат охирида эспедиция бошлиғи шундай таклифни ўртага солди: — Ерлик футболчиларнинг шундай уқувсиз, бесўнақай ҳаракатлари ҳам томошабинларни қанчалар ҳаяжонга солди. Томошабинларнинг чексиз қувончларига сабаб бўладиган гол киритишга ўнлаб имконият бўлгани ҳолда, дарвозаларга фақат икки тўп киритилди. Таклифим: биз ўзимизни ерликларга таништирсак. Футбол ўйини бизда йўқлигини айтиб, биз билан ўртоқлик учрашувини ўтказишларини сўрасак. Имкониятлардан қандай фойдаланиш мумкинлигини, дарвозаларга киритиладиган голлар сони 20-30та бўлиши мумкинлигини уларга кўрсатсак. Бир ўйин давомида 20-30та гол кўриб, қувончга тўлган томошабинларда ўзимиз ҳақимизда илиқ таассурот қолдирардик. Сайёрамизга яхши кайфият билан қайтиб кетардик! Бу таклифни барча қўллаб-қувватлади. Нептунликлар бу режани амалга оширишга киришдилар. Ерликлар аввалига уларнинг гапларига ишонмадилар. Фақат уй шаклидаги космик кеманинг учишини кўрганларидан кейингина нептунликларни жиддий қабул қилдилар. Мамлакат терма жамоаси билан нептунликлар жамоаси ўртасида бўладиган ўйин, бутун дунёда жуда катта қизиқиш уйғотди. Деярли барча давлатлар бу ўйин ҳақида ўзларининг телевидениеси орқали репортаж уюштирдилар. Ўйин бошланди. Майдон марказидан ўйинни бошлаган нептунликлар тўпни уч марта бир-бирларига аниқ узатишди-ю, тўпни дарвозага киритишди. Томошабинлар ва ерлик футболчилар бундай осонлик билан тўпни ўтказиб юборганларига ҳайрон бўлиб қолдилар. Ерликлар ўйинни майдон марказидан бошладилар. Тўпни бир-бирларига ошираётганларида чаққонроқ нептунликлар тўпни эгаллаб олдилар. Яна аниқ ва тез ҳаракатлар билан дарвозага иккинчи тўпни киритдилар. Томошабинларнинг нафаси ичларига тушиб кетди. Учинчи тўп ҳам ерликлар дарвозасига аввалгидек осонлик билан киритилди. Стадион узра қабристон жимлиги чўкди. Нептунликлар томошабинларнинг киритилган голлардан нега қувонмаётганларига тушунолмай ҳайрон эдилар. Ўйин шу тарзда давом этар, чарчоқ ва хато нималигини билмайдиган нептунликлар, оёғига теккан ҳар бир тўпни осонлик билан ерликлар дарвозасига киритардилар. Ўйин ерликлар дарвозасига жавобсиз 43 тўп киритиш билан якунланди. Ўйин давомида ҳайрат ва аламларидан ҳайкалдек қотиб қолган томошабинлар жимгина ўринларидан туриб, тарқала бошладилар. Ўйлаган режалари амалга ошмаганини сезган нептунликлар ҳам ерликлар сингари майдондан бош эгиб чиқиб кетдилар. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида журналистлар нептунликларни саволга тутдилар. — Умрингизда футбол ўйнамаган бўлишларингизга қарамай, рақиб дарвозасига жавобсиз 43 тўп киритдинглар. Шундай экан, нима учун ўз ғалабангизда қувониш ўрнига майдондан бош эгиб чиқиб кетдинглар? — Хафа бўлишимизга сабаб шуки, биз футболнинг моҳиятини тушунмабмиз. Сизларнинг футболчиларингиз сингари аввал ўн марта тўпни дарвоза устуни ёнгинасидан ўтказиб юбориб, кейин битта тўпни дарвозага киритиш ўрнига, биз ҳамма тўпни дарвозага киритаверибмиз. Муаллиф сифатида бутун масъулиятни ўз зиммамга олган ҳолда айтаманки, ҳикоядаги икки гол киритиб, ғалаба қозонган жамоа дейилганда Ўзбекистон термаси, жавобсиз тўплар киритган нептунликлар дейилганда эса Австралия термаси мутлақо назарда тутилмаган. Прикрепления: Rasm 1 | |
Просмотров: 969 | |
Всего комментариев: 42 | 1 2 3 4 5 » |
| |
1-10 11-20 21-30 31-40 41-42 | |