Главная » 2011 » Ноябрь » 24 » Иброҳимович — футболми ёки каратэ...
21:52
Иброҳимович — футболми ёки каратэ...

Бундан икки йил муқаддам Испания чемпионатида "Барселона" ғалаба қозонди. Ҳа, ўша 2009 йилда. Тўғри, каталонияликлар ҳар йили ҳам чемпионликни тантана қилиб келяптилар, ўтган мавсум ҳам бундан истисно эмас. Лекин ўша йилгисининг гашти бошқача бўлганди-да. Улар нафақат Ла лига, балки Чемпионлар лигасию, Испания Кубогида ҳам ғолиб чиққандилар. Қўйингки, қандай мусобақада иштирок этган бўлмасинлар, бирорта ҳам совринни бегона қилмагандилар. Соврин битганининг барчаси "Камп Ноу"га оқиб келганди. Бир қарашда бутун дунё "Барселона" ҳақида гапираётгандек. Аммо уни қарангки, барчаси тескари йўналишда кетди.

Чемпионат тугаши ҳамоно мухлисларнинг тилидан бошқа бир жамоа тушмай қолди - "Реал" Мадрид. Хўш, нима сабабдан?

Мадридликлар буткул бошқа ишлари билан тилга тушдилар. Ёдингизда бўлса, ўша вақтларда Флорентино Перес иккинчи марта мадридликлар бошқарувига келганди. Бу инсонни яхши танийсиз, футболни қай даражада тушунишини билмадиму, аммо ўзига керак деб билган футболчини сотиб олмагунча қўймайди. Бир вақтлар Зиданлару, Бекхэмларни сотиб олиб "галактикос"га асос солганди. Бу сафар ҳам шунга ўхшашроқ ишга қўл урди. Аввал Роналду, кейин Кака, сўнгра Карим Бензема сотиб олинди. Авжи ёз бўлишига қарамасдан "Сантьяго Бернабеу" мухлислар, газеталар эса мадридлик футболчиларнинг суратлари билан тўлди.

Майли, юлдузларни олса олгандир, тилга тушса, тушгандир. Аслида ҳозир мутлақо "Реал" ҳақида гапирмоқчи эмасдим. Шунчаки, мақоланинг бир учи Мадридга тегишли бўлгани учун, қўшимча ўлароқ келтириб ўтдим. Сал чўзилиб кетди, шекилли. Майли. Ҳозир асл мақсадга ўтамиз.

Хуллас, гап бундай. Ўтган ҳафта швециялик Златан Иброҳимовичнинг бир китоби нашрга берилди. Китоб автобиографик — яъни, футболчи ўз ҳаётини ҳикоя қилган. Аниқ билмадиму, лекин Златан фақат "Барселона"да ўтказган бир йиллик фаолияти ҳақида ҳикоя қилган бўлиши керак. Ҳар ҳолда "Aftonbladet" нашри томонидан берилган парчаларда ўша давр ҳақида ёзилган.

Хўш, Златан билан "Реал"нинг қандай алоқаси бор? Алоқаси шундаки, мадридликлар ҳали Криштиану, ҳали Хаби Алонсо, ҳали Бензема ва Какаларни сотиб олаётган вақтда "Барса" раҳбарияти ҳам жавоб юриши қилишга аҳд қилди. Клубнинг нигоҳи "Интер" билан кетма-кет чемпионликни нишонлаб келаётган Златан Иброҳимовичда тўхтади.

Швециялик футболчининг иқтидори борасида гап бўлиши мумкин эмас. Бир ўзи "ҳам шимол, ҳам жануб, ҳам шарқ ва ғарб" бўла оладиган бу йигит бежизга футбол оламида танилмаган. У ҳақиқий "киллер" ҳужумчилардан. Аммо "Барселона" уни сотиб олиб, хато қилганди. Чунки "Реал" қандай юриш қилишидан қатъи назар, "Барселона" ўз йўлидан кетиши лозим эди.

"Реал" юқорида номлари келтирилган юлдузларни сотиб олиш учун қанча маблағ сарфлаганини айтиб ўтирмайман. Мадридликлар аллақачон сарфлаган харажатларини чиқариб бўлганларига шубҳа йўқ (футболкалар савдоси ва реклама томонлама, албатта), бунинг устига ўша футболчилар ҳамон клуб таркибидаги асосий ўйинчилардан ҳисобланадилар. Аммо "Барселона" Златан учун қанча маблағ сарфлаганини билиш ҳаммага қизиқ бўлиши турган гап.

Каталонияликлар умумий ҳисобда Иброҳимович учун "Интер"га 46 миллион евро билан биргаликда, камерунлик иқтидорли ҳужумчи Самюэль Это'Они ҳам берди. Гвардиола клуб бошқарувига келгани заҳоти, камерунлик футболчининг қизиққон табиати туфайли, ундан воз кечишга аҳд қилганди. Сал олдинроққа кетиб, шуни таъкидлаш лозим, "Интер"нинг ўша мавсум Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишида Это'О катта ҳисса қўшди. Камерунлик футболчи "Интер"га нафақат спорт принциплари асосида, балки молиявий жиҳатдан ҳам наф келтирди. Бу йил уни "Анжи" жамоасига катта маблағ эвазига сотиб юбордилар. Ундан "Интер"га фақат ва фақат фойда келди. Хўш, Иброҳимовичдан-чи?

"Барселона"нинг кучи ўз тарбияланувчиларида эканини ҳамма билади. Иброҳимовичга ўхшаган шаклланган юлдузлар уларга керак эмас. Агар ҳозир Тевес сотиб олинса, "Барселона"да нималар бўлиб кетишини тасаввур қилишга ҳам қўрқасан. Бу исбот талаб қилмас аксиомадек гап. Иброҳимовични сотиб олар экан, Гвардиола катта хатога йўл қўйганди. Аввалига барчаси жуда ажойиб бошланди. Златан илк учрашувидаёқ гол киритди. Кейинги тўрт тур ўйинлари ҳам муваффақиятли кечди. Бир қарашда швециялик футболчи каталонияликлар таркибига "қоришиб кетгандек" тасаввур уйғонатётганди. Аммо кейинроқ барчаси "дабдала" бўлиб кетди.

Златаннинг келгуси ҳафта сотувга чиқадиган китобидан "Aftonbladet" нашрида чоп этилган парчаларда келтирилишича, Гвардиола Каталонияда ўзини буткул бегона ҳис қилган экан. "Аввалига "Барселона"га ўтганим учун ўзимни еттинчи осмонда юргандек ҳис қилдим", дея ёзади Златан ўз китобида. Аммо Гвардиола "Барселона" футболчилари еттинчи осмонда учиб юрмасдан, ерда, яшил майдонда югуришлари лозимлигини уқтириб қўйди. Шундан сўнг Златанда уйғонган ҳиссиётлар аста-секин сўна бошлади.

Иброҳимовичнинг гапларига қараганда, мураббийлар штаби машғулотга "Порше" ёки "Феррари" машиналарида келишни тақиқлаб қўйганларидан сўнг, ўртадаги муносабат дарз кета бошлаган.

"Менинг қандай машинада машғулотга келишим билан уларнинг нима иши бор эди, — дея жаҳл қилади қизиққон футболчи. — Мен ҳар доим ёввойи тезликда юришни хуш кўрганман. Бир сафар ортимдан қувган полициячилардан 325 км/соат тезликда қочиб кетгандим. Ҳаётим давомида бунақа жинниликлардан шу қадар кўп қилганманки, эсласам, ўзим ҳам қўрқиб кетаман".

Швециялик футболчи қандай табиатга эга эканини ўзи ҳам тан олиб турибди. Ҳақиқатан ҳам, у бир неча бор турли автотўқнашувларга дуч келган, аммо уларда ҳар сафар омади келиб, жароҳат олмас эди. "Барселона"да ҳам шунга ўхшаш тўқнашувга учради. Иброҳимович билан Гвардиола бамисоли сув билан олов. Златаннинг айтишича, у ҳеч ҳам "Барселона"даги муҳитга кўника олмаган экан.

"Кийиниш хонасида ҳар доим ғалати муҳит ҳукм сурган. Месси, Хави ва Иньеста ҳеч қачон мураббий билан тортишмас, ҳар доим унинг айтгани айтган, дегани деган эди. Футболчилар худди устозининг олдида турган мактаби ўқувчиси сингари унга гап қайтармасдилар. Бундай ҳолат менга тўғри келмасди. Мен буткул бошқачаман. Менга кўпроқ светофорнинг қизил чироғидан ўтувчи инсонлар ёқади. Шу сабабли ҳам, ўзимни у ерда бегона ҳис қилдим. Энг ёмони, атрофдаги муҳит менга ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади, бора-бора ҳаддан ортиқ даражада тарбияли бўлиб қолаётганимни сезиб қолдим", — дейди Златан бундай ҳолатдан "даҳшатга тушиб".

Бундай ўта тартибли жамоа Златандек инсон учун мутлақо тўғри келмасди. Ўзи айтганидек, ўта "тарбияли" бўлиб қолмаслик учун у ҳатто футболчилик фаолиятини якунлаш тўғрисида ҳам ўйлай бошлайди. Ўша вақтларда асосий таркибда ҳам туша олмай қолган эди. Шундай кунлардан бирида унинг тоқати тоқ бўлди. Гвардиола билан жиддий тарзда гаплашиб олишга қарор қилди. Мана шу суҳбат унинг "Барселона"даги фаолиятининг якунланишига тамал тоши бўлиб хизмат қилди.

Златан мураббий тўғрисида нималарни ўйлаб юрган бўлса, барчасини очиқчасига юзига айтди. Унинг учун "Барселона"да бўлгани ҳолда, асосий таркибда ўйнай олмаслик — "Феррари"нинг рулига ўтиргани ҳолда, худди "Фиат"ни бошқаргандек бўлиш билан баробар эди.

Ўз навбатида Гвардиолага ҳам бундай гаплар ёқмасди. Ўртадаги муносабат буткул дарз кетди, швециялик футболчига рад жавоби берилди. Златан ҳам бундай муомалага кўникмаганди. "Мен ўша вақтларда жаҳлдан ёрилиб кетгудек бўлгандим", — дея эслайди Иброҳимович. Футболчи руҳий тушкунликка тушиб қолди, дўстларига қўнғироқ қилиб, улардан маслаҳат сўрай бошлади.

Одатда бундай ҳолатлар ёмон натижа билан якунланади. Иброҳимович ва Гвардиола ўртасидаги муносабат ҳам якунланиб қолгани ойдинлашиб қолди. Тез орада нимадир рўй бериши ва барчасига нуқта қўйилиши кутилаётганди. Бу воқеа Чемпионлар лигасида "Интер"га қарши ўтказилган учрашувда рўй берди. "Барселона" "Интер"га мағлуб бўлгач, Иброҳимовичнинг асаблари дош бера олмай қолди. Кийиниш хонасида Гвардиоланинг юзига қарата: "Сен бир тийинга қимматсан. Моуриньони кўришинг билан, иштонингга ... қилиб қўйдинг. Йўқол ....!" дея бақиришгача борди.

Унинг "Барселона"да қолмаслиги энди аниқ бўлиб қолганди. Бу йўлда фақат битта тўсиқ қолганди — клуб раҳбарияти. "Барселона" президенти Сандро Росель бу қадар катта нархга сотиб олинган футболчини осонликча сотиб юборишга рози бўла олмасди. Аммо Иброҳимович бунинг ҳам йўлини осонгина топди. Бир вақтлар футболдан ташқари каратэ билан ҳам шуғуллангани ёдига тушиб қолди шекилли, Роселнинг хонасига агенти билан биргаликда кирди-да: "Мени зудлик билан сотиб юбормайдиган бўлсангиз, журналистларнинг кўз ўнгида Гвардиолани ураман", — деб қолди. Бундай талабни қондирмасликка ҳатто "Барселона" раҳбариятининг ҳам журъати етмасди.

Иброҳимовичнинг бу қадар ёмон табиатга эга экани — исботланган ҳақиқат. У қаерда бўлмасин, ҳар доим жанжалларга аралашиб юрган. "Аякс"да Рафаэль ван дер Ваарт билан муштлашарди, "Ювентус"да мураббийлар билан, "Интер"да ҳали Матерацци билан, ҳали Манчини билан гап талашиб қоларди. Унинг каратэ услубида жамоадошларига берган зарбалари афсонага айланиб кетган. Шундай экан, "Барселона"да юзага келган можарода ҳам уни айблай қолайлик. Аммо бир нарса ёдимиздан чиқмасин — у қаерда бўлмасин, ҳар қандай жамоада ҳам, ҳар қандай шароитда ҳам доим чемпион бўлиб келган. Ҳатто ўша "Барселона" билан ҳам шундай бўлганди, неча йиллардан буён чемпионликни билмай юрган "Милан" ҳам у келгач чемпионликни қўлга кирита олди...


         

Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 644 | Добавил: number_1
Всего комментариев: 1
00:07
ijodizga omad
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]