16:10 Ikkinchi turmushim : Bolarim erim bilan chiqisholmidi | |
Ҳаёт инсонни турли синовларга дуч қилади. Айрим сабаблар билан оиласи тотувлигига путур етган тақдирлар ҳам бор. Оила парокандаликка юз тутган вазиятда энг катта қийинчиликни ўртадаги фарзандлар бошидан ўтказиши ҳам сир эмас. Бугунги мавзумиз иккинчи оиласига кўниколмаётган фарзандлар хусусида... Мухлислар мурожаатига Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов маслаҳат беради. "ЎҒЛИМНИ КАМСИТИШАДИ” Санобар, 36 ёш, Андижон вилояти: — Турмушим бузилиб, ота уйимга қайтиб келдим, лекин ҳар дақиқада ўзимни ортиқча ҳис этардим. Шунинг учун ҳам ўн етти йил фарзанд кўрмай, хотини билан ажрашган эркакдан совчи келганида иккиланмай рози бўлдим. Ўғлимни ўзим билан олиб кетишимга бўлажак турмуш ўртоғим қаршилик қилмади. Эрим бошида боламга меҳр кўрсатиб, яхши муомалада эди. Уч йил яшаганимиздан кейин ҳомиладор бўлдим. Бундан ҳамма севинди, айниқса, эримнинг қувончи чексиз. Кетма-кет икки ўғил туғдим. Энди эрим катта ўғлимни урадиган, салга бақириб, жеркийдиган одат чиқарди. Бундан хўрлигим келарди. Тарафини олсам, "Аралашма, талтайиб кетган бунинг”, деб оғиз очиргани қўймасди. Бора-бора отасининг хатти-ҳаракатини кўриб, укалари ҳам катта ўғлимга яхши муомала қилмайдиган бўлди. Эътибор берсам, уни ажратиб қўядиган. Мен келажакда ҳамма фарзандим аҳил-иноқ яшашини, бир-бирини яхши-ёмон кунларида қўллаб юришини хоҳлайман. Бу кетишда уларнинг ўртасига совуқчилик тушиши ҳеч гап эмас. Эримга буни қандай тушунтирсам? Қайнона-қайнотам яхши одамлар. Қайнонам сезиб қолиб, боламни ўзиникига олиб кетди. Умуман, бегона бўлса ҳам, ўғлим ҳам уларни жуда яхши кўради, ўрганиб қолган. Бувиси, бобоси унга ширин гапиради. Лекин мен тўнғичим кўз олдимда юришини, доим кўриб туришни истайман. Бизникига келса, тезроқ кетиш пайида бўлади. Бундан қийналиб кетаман… Маслаҳат: — Турмуш ўртоғингиз қаттиққўлликни ошириб юборганга ўхшайди. Балки ўз фарзандлари туғилганидан сўнг кимдир унга нотўғри фикр сингдирган бўлиши мумкин. У билан фарзандлар тарбияси масаласида тез-тез, кайфияти яхши вақтида гаплашинг. Катта фарзандингиз бувилари ва укаларига жуда меҳрибонлигини таъкидланг, ўғлингизнинг яхши фазилатларини кўрсатишга урининг. "Сизни жуда яхши кўради”, денг. Муҳими, болани меҳрсиз, эътиборсиз қолдирмаслик керак. Акс ҳолда, ўзини ҳаммадан олиб қочиши, ёлғиз ҳис этиши мумкин. Аламзадалик кейинчалик бола руҳияти, тарбияси бузилишига олиб келади. «ҚИЗЛАРИМГА ЭНДИ БЕГОНАМАНМИ?» Озода, 42 ёш, Жиззах: — Боши очиқ аёлга иккинчи марта турмуш қуришни таклиф қилувчилар кўп бўларкан. Турмуш ўртоғим вафот этганида 30 ёшдан энди ошгандим. Икки фарзандимни қўлимдан келганича ўзим тарбияладим. Иккаласи ҳам қиз бола бўлгани учун қайта турмушга чиқишни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Яхши ташкилотда ишлаганим учун атрофимда турмуш қуриш таклифини билдирувчилар кўп эди. Болаларим бегона одамнинг қўлида сарғаймасин, деб ҳаммасини рад этардим. Яқинда узоқ қариндошимизнинг хотини вафот этди. У киши 50 ёшдан ошган, фарзанди йўқ. Қари ота-онамнинг гапини икки қилолмай ўша инсонга турмушга чиқдим. Бошида қизларим қаршилик қилишмаганди. Мана, бир йилдан ошди, улар менга бегоналашиб кетаётгандек, йўқотиб қўяётгандекман. Менга аввалгидек сирларини айтишмайди. Ўгай отасини ёқтирмаганини очиқча билдириб қўйишади. Катта қизим қўшни вилоятда ўқийди. Олдин уйга тез-тез келарди, энди эса икки-уч ойда зўрға қорасини кўрсатади. Бир кун туриб, "кетаман”га тушади. Иккинчи қизим ҳам "мен Тошкентда ўқийман”, деб узоқроққа жўнаш пайида. Қизларимдан узоқлашишдан қўрқяпман. Турмуш ўртоғим эса меҳрибон, "негадир улар мени ёқтиришмайди”, дейди. Нима қилишга ҳайронман. Маслаҳат: — Ота-онангиз кейинги ҳаётингизни ўйлаб шундай йўл тутишган. Ёлғиз яшаш жуда қийин, айниқса, кучдан қолиб, бошинг ёстиққа текканида ёнингда µеч ким бўлмаса, ундан ёмони йўқ… Қизларингиздан андиша қиляпсиз. Улар сизнинг тарбиянгизни олишган, қийинчилик кўриб улғайишган бўлса, бунинг устига, институтда ўқишаркан, сизни тушуна олишади, деб ўйлайман. Уларни тез орада турмушга узатасиз, ўзлари ҳам оилали бўлгач, нотўғри йўл тутмаганингизни англашади. Ҳозирги ҳолати ўткинчи, бунга кўникиб кетишади. Узоқда бўлса, улардан тез-тез хабар олиб, қўнғироқлашиб туринг. Олдинги муносабатингизни ҳеч ўзгартирманг. Улар билан очиқча гаплашиб олганингиз яхши. "УЛАР ОТАСИДАН ҚЎРҚИШАДИ” Асила, 35 ёш, Самарқанд: — Биринчи эрим гиёҳвандлиги туфайли турмушим бузилгач, ўзим каби ҳаётдан куйган бир инсон билан оила қурдим. У хотини билан ажрашиб, ўғлини ўзи билан олиб қолган экан. Менинг ҳам бир ўғлим бор. "Шу болага ўгайлик қилмайсан”, деб шарт қўйганди у. Иккаламиз ҳам бир-биримизнинг ўтмишимизни чуқур суриштирмаганмиз. Уч-тўрт йил яшаганимиздан сўнг эрим жаҳли чиққанида болаларни аямай урадиган одат чиқарди. Аввалига ўз ўғлини дўппослаганини кўриб, зўрға болани унинг қўлидан ажратиб олганман. Кейин эса менинг ўғлимни ҳам шунақа калтаклади. Бунга умуман чидолмай, «Болани ургунча мени уринг», деб жанжал қилдим. Жаҳли чиқса, ўзини назорат қилолмай қолади. Болаларим отасини кўрса, қўрқиб йиғлайдиган бўлиб қолишди. Яқинда тасодифан эримнинг ўғли ўз боласи эмас, асранди эканлигини билиб қолдим. Биринчи хотини билан анча йил фарзандсиз яшагач, бола асраб олишган экан. Ўзи туғмагани учун ҳам эримнинг биринчи аёли болани олиб кетишга ҳаракат қилмаганини тушундим. Эрим эса кўпинча аламини мендан, болалардан олишига чидолмайман. Кундан-кун умуман бефарқ одамга айланиб қоляпти. Икки ўғлига ҳам эътиборсиз. Улар эса бир-бирига жуда меҳрибон, аммо отасидан жуда қўрқишади... Маслаҳат: — Турмуш ўртоғингиз ҳаётда анча қийналган экан. Бефарзандлик уни аламзада қилиб қўйган бўлса керак. Кейинчалик ҳам ана шунинг таъсиридан чиқиб кета олмаган. Унинг миясига "булар ўз болам эмас”, деган фикр сингиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Шунақа пайтларда болалардан аламини олган. Уни бу таъсирдан чиқариш керак. Кайфияти яхши пайтларда болалар отаси билан эмин-эркин гаплашиб, ўйнаб ўтиришига шароит яратинг. Аксинча бўлса, жаҳлидан тушмагунча болаларни узоқроқ тутинг. Унга болаларнинг гаплари, мактаби, ўқиши ва бошқа томонлари ҳақида фақат яхши гапларни гапиринг. Сизга фалон нарсани беришмоқчи, бир нарса сўрамоқчи каби гаплар билан уларни яқинлаштиришингиз мумкин. Етимларнинг бошини силаш савоб эканлигини ҳам тушунтиринг. | |
Категория: DUNYO XABARLARI | Просмотров: 721 | |
Всего комментариев: 1 | |||||
| |||||