Главная » 2012 » Январь » 5 » ИТАЛИЯЛИК ФУТБОЛ ЮЛДУЗИ
14:48
ИТАЛИЯЛИК ФУТБОЛ ЮЛДУЗИ
2010 йилги Жаҳон Чемпионатида Италия терма жамоаси муваффақиятсиз иштирок этди. Эндиликда собиқ жаҳон чемпиони ҳисобланадиган «Скуадра Адзурра»га ушбу мусобақаларда балки Алессандро Дель Пьеро ёки Франческо Тотти каби «яратувчан» футболчилар етишмагандир. «Мовий гвардия»нинг собиқ юлдузи Роберто Баджо савиясидаги футболчи Апеннин ярим оролида пайдо бўлмаганлигига ҳам анча вақт бўлди.
Роберто Баджо 1967 йил 18 феврал куни Италиянинг Кальдоньо шаҳарчасида велоспортчи оиласида дунёга келган. Оила катта бўлиб, унда тўрт ўғил ва тўрт қиздан иборат саккиз фарзанд камол топган. Оила бошлиғи Флориндо фарзандлари ҳам унинг изидан боришларига умид қилганди, аммо уларнинг орасида энг истеъдодлиси Роберто футболни танлади. Унинг ноёб иқтидори борлигини пайқаган илк мураббийи 9 ёшли Робертони дарҳол ҳужум чизиғига қўйди. 14 ёшида ўйинлардан бирида 6 гол урган йигитча «Виченца» клуби скаутлари эътиборига тушди. Ўша пайтларда Италия С сериясида тўп сурган мазкур жамоа шарафини 3 йил давомида ҳимоя қилди. Кейинчалик Баджо «Фиорентина» таркибида 5 йил фаолият юритди. 1990 йилда «Ювентус» сафига ўтгач, унинг номи бутун қитъага ёйилди. Айнан туринликлар таркибида Баджо фаолиятидаги энг катта ютуқларни, жумладан, 1993 йилда «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Шундан сўнг футболчи «Милан», «Болонья, «Интер» жамоаларида тўп сурди ҳамда фаолиятини 2004 йилда «Брешия»да якунлади.
Роберто Баджонинг футболдаги фаолиятида юлдузлик чўққисига кўтарилиш ва пасайиш даврлари кузатилган бўлса, унинг футболдан ташқаридаги ҳаётида барчаси жойида. Робби мозийнинг энг машҳур футбол юлдузларидан бири бўлиш баробарида ҳам намунали оталардан биридир. Роберто Андреина Фаббри билан оила қурган.
Роберто ва Андреина болаликдан таниш. Уларнинг ёшлари ҳам бир бўлиб, қўшни маҳаллаларда истиқомат қилишган, мактабда ҳам бир синфда ўқишган. Мактабни битириш арафасида уларнинг ўртасидаги дўстлик муҳаббат ришталари билан боғланди. Уларни Ромео ва Жульеттага қиёслашарди. Футболчи ўз суюклисининг қўлини Флоренцияда, ҳали «Фиорентина»да ўйнаб юрган кезларда сўради. 1989 йилда эса Роберто Андреина билан она-шаҳри Кальдоньода никоҳдан ўтишди.
Улар уч нафар фарзандларини тарбиялаб, вояга етказишган – Валентина (1991 йилда туғилган), Маттиа (1994) ҳамда Леонардо (2005. «Фарзандларим – ҳаётимнинг мазмуни, улар менинг энг катта қувончим. Бу шиорга амал қиламан ва ҳар доим намунали ота бўлишга ҳаракат қиламан», – дейди Баджо.
«Мен футбол билан хайрлашдим. Энди мухлисларнинг қалбини бошқа футболчи забт этади. Аммо назаримда иккинчи Марадона ёки иккинчи Ван Бастен бўлмаганидек, иккинчи Баджо ҳам пайдо бўлмаса керак. Ҳар бир футболчининг ўз ҳаёт ва фаолият йўли мавжуд. Менинг тақдиримга футбол ўйнаш ва ўз ўйиним билан миллионлаб мухлисларга завқ бағишлаш ёзилган экан, бундан ҳеч қачон афсусланмайман», – дея таъкидлаганди футболчи фаолиятини якунлагач.
Роберто Баджо Италияда ҳамон машҳурлигича қолмоқда. Унинг номи ОАВнинг доимий диққат марказида. У кальчо тиффозиларининг қалбларида абадий муҳрланиб қолган.
Биласизми?
* Қаҳрамонимиз билан биргаликда бир неча йил давомида «Ювентус» ҳамда Италия терма жамоасида тўп сурган Дино Баджо кўпчилик ўйлаганидек Робертога қариндош эмас. Улар шунчаки фамилиядошлар, холос.
* Роберто Баджо илгари католик бўлган, аммо кейинчалик буддавийликни қабул қилган.
* «Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.

Прикрепления: Rasm 1
Категория: Sport Yangiliklari | Просмотров: 724 | Добавил: vertu2277
Всего комментариев: 1
19:17
Omad
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]