Главная » 2012 » Июль » 27 » Менинг хотиним – сериалоголик!
20:35
Менинг хотиним – сериалоголик!
Эндигина хурсанд бўлган ҳам эдимки, янгиси бошланди. Уларнинг кети ҳеч узилмади, узилмади-да. Наҳот биз ўзбеклар шундан бошқасига қизиқмасак? Наҳот ақлимиз корейс сериалидан бошқасига етмаса?! Дод дегим келади-ю, келинингиз, болаларим, онам ва опаларим ҳаммаси менга ўқрайиб қарагач, сас чиқаргани ботинолмайман.
 
Ҳар куни шу! Кеч тушди дегунча сериал бошланади. Келинингиз пультни онамга бериб қўяди. Ўзлари-ку бир-бирини кўргани кўзлари йўқ, лекин ҳар кеч бир вақтда бу икки ёв сулҳ тузади. Асосий душмани – менга қарши туриб бериш учун.
 
Мана ўша аёлларни зомбига айлантирувчи "сеҳрли” наво. Кичкинтойимнинг бу сериаллардаги энг севимли жойи артистларнинг исмлари санаб ўтилиши. Ҳаммасини ёддан билади-я! Агар шунинг ўрнига ҳар куни артистлар "карра-карра”ни ўқишса борми, жуда савобга қолишган бўлишарди-да.
 
Ундан кейин реклама! Уни ҳам албатта кўриш лозим. "Бошқасига бир олиб кўрайик-чи!” дейман-у, мени ҳеч ким ҳатто эшитмаётганини англайман. Тўғри-да, дунё аҳамиятига молик сўзлар ўтиб кетиб қолса, келинингиз шу сериални эртасига қайтадан кўришига тўғри келади. Унинг куюниб сериални томоша қилишини айтмайсизми!
 
– Бугун ишхонада роса гап эшитдим.
 
– …
 
Ўзим билан ўзим гаплашишни давом эттираман. Телевизор ёнида кўп ўтирганидан бадани ёғ босиб кетган хотиним ўзини гапларимни эшитаётганга солиб, алланималар деб жавоб қайтаради.
 
– Бошлиғим бу нима юриш, аҳволинга қараб бўлмайди-ку. Кийимларинг дазмолланмаган, хотининг борми ўзи, деб сўради.
 
–  (Телевизордан кўз узмасдан туриб) Кейин-чи?
 
– Йўқ, дедим.
 
– Боплапсиз…
 
– Пул ташлашиб мени уйлантириб қўйинглар дедим.
 
– Тўғри қилибсиз…
 
– Котибангиз жуда кетворган-да, шуни олиб бера қолинг, дедим.
 
– Зўр-ку!
 
– Хотинингиз бор эди-ку, уни нима қилдингиз, деб сўрашди. Уни Де Жо Йонгга турмушга бериб юбордим дедим.
 
– Жуда зўр қилибсиз-да, дадаси…
 
Бу хотин сериалларини кўриб ақлдан озибди шекилли. Аввалига ўзимни ёлғиз ҳис қилдим. Кейинчалик эса бир нарсани англадим. Ахир бу зўр имконият-ку! Болалар, хотин, онажоним "гипноз” таъсирида эканлигида истаганимни қилишим мумкин. Мана бугун ҳам уйдан секингина чиқиб кўчада айланиб юрдим. Ишда кечгача қолиб кетадиган бўлдим. Ўша кунлари баъзида бироз маст эканимни қолганлар пайқашмайди ҳам. Асосийси охирги сериал тугагунча уйга, ётоққа кириб кетишга улгуриш лозим.
 
Баъзида шу сериалларни тинмай айлантириб қўяётганларга раҳмат айтгим келади. Ахир кечалари болалар хархаша қилишмайди, хотин кўп савол бермайди, нима қилдинг, деб ҳатто қизиқмайди ҳам. Хуллас, ўзим ўзимга ҳавола. Худди уйланмагандек, бўйдоқдек!
 
Бироқ бу ҳам жонга тегаркан. Ахир ишдан ҳориб қайтганда (ёшинг ўттиздан ошган бўлса-да) онангга эркалангинг, оила аъзоларинг билан суҳбатлашгинг, хотининг билан бироз шўхлик қилгинг келади. Қолаверса, яқинларингиз пиёнистага айланаётганинга тинчгина қараб туролмайдигандек, сиз ҳам жигарларингиз "сериалоголик” бўлиб қолаётганига индамай чидаб туролмайсиз экан.
 
БЎЛДИ, ЕТАР! Оқшом, ҳамма уйқуга кетганида секингина залга ўтиб, телевизорнинг орқасини очдим, ичидан нимадирини узиб олдим-да, яна ҳеч нима бўлмагандек ётоғимга қайтдим.
 
Эртасига – ваҳима! Юраги ёмон бўлиб қолмаслиги учун онажонимни укамникига меҳмонга жўнатдим. Болалар кўпроқ тоза ҳаводан баҳраманд бўлиб, бир-бирлари билан ўйнай бошлашди.  Хотиним эса уйқудан уйғонгандек, яна севимли ишлари билан шуғуллана бошлади. Менга ҳам эътиборлироқ бўлиб қолди. Ҳатто корейс актрисаларидек бир нуқтага тикилиб гапирмайдиган, саволларимга тўғри, маъноли жавоб берадиган бўлди.
 
Хуллас, асосий рақибим телевизордан қутулгач, ҳаётим яна изига қайтди.
 
Бироз вақт ўтиб барибир уни таъмирлашга тўғри келди. Бироқ, яхшиямки, келинингиз шу қисқа танафус давомида Де Жо Йонг унинг ёнида эканини англади. Тўғри, у унчалик хушрўй бўлмаса-да, ҳар ҳолда тирик ва реал «қаҳрамон». Қолаверса, "баҳодир” (буни билдирмасликка ҳаракат қилса-да) аёлининг меҳрига жуда муҳтож.
Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 699 | Добавил: number_1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]