10:37 Октябрь ойида 5000 нафар ўзбекистонликлар Ҳаж зиёратига йўл олади | |
Салкам
бир ярим минг йилдан бери дунё мусулмонлари ҳар йили ҳаж ибодатларини
бажаришга талпинишади. Ота-боболаримиз илгарилари от ёки туяда, кўпинча
пиёда тоғ сўқмоқларидан ва кимсасиз саҳролардан ўтиб, Ислом динининг
бешинчи устуни – ҳаж амалини бажаришган. Ниҳоят, Истиқлолга эришганимиздан буён Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий урф-одат ва анъаналаримиз, диний қадриятларимиз тикланиб, тобора юксалиб, сайқалланиб бораётганлиги туфайли бир пайтлар ота-боболаримиз учун армонга айланган ҳаж ибодатига бугун минглаб юртдошларимиз ҳеч бир қийинчиликларсиз эришмоқдалар. Ҳар йили 5000 нафардан зиёд юрдошимиз ҳажга бормоқда, 6000 нафардан кўп ватандошимиз йилда икки марта умра ибодатини адо этмоқда. 7-18 октябрь кунлари 5000 нафар ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж зиёратига кузатиб қўйилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитанинг матбуот котиби Шавкат Ҳамдамов маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, жорий йилги Ҳаж мавсумини намунали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ҳаж ва умра масалалари бўйича атташе ҳамкорлигида "Ҳаж-2012”мавсуми учун меҳмонхоналар ижараси, ошхона ва транспорт ширкатлари билан тегишли шартномалар имзоланиб, белгиланган тартибда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди. Республикада марказлаштирилган тиббий пунктлар ташкил қилиниб, зиёратчиларни умумий тиббий кўрикдан ўтказилди ва зарур зардоблар билан эмланди. Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги Ҳаж ҳайъатлари томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида ҳажга борувчи фуқароларнинг ҳужжатлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчихонасига виза олиш учун тақдим этиляпти. Зиёратчилар соғликларини назорат қилувчи тиббиёт ходимлари гуруҳи ҳамда зиёратчиларни ўзбек миллий таомлари билан таъминловчи ошпазлар гуруҳи тузилган. Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар билан машғулотларда жойлардаги шароитлар тушунтирилмоқда. Ўз навбатида гуруҳ раҳбарларининг зиёратчилар билан учрашувларида сафар мобайнида қилинадиган амаллар хусусида суҳбатлар уюштирилади. Мадина шаҳрида "Аброж ат-Тоййиба” меҳмонхонаси зиёратчиларни кутиб олиш учун тўлиқ жиҳозланган. Мазкур меҳмонхона билан "Масжид ан-Набавий”нинг оралиғи тахминан 20-30 метрни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча-ю 4 кундуз бўлиб, сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Макка шаҳрида марказида жойлашган тўрт қисмли бинодан иборат бўлган, жами 5000 дан зиёд кишига мўлжалланган "Аброж ал-Муҳаммадия” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Зиёратчилар ҳар куни уч маҳал овқат, иссиқ чой ва яхна ичимлик сувлари билан таъминланади. Ҳар бир хона телевизор, кир ювиш машинаси ҳамда кондиционерлар билан жиҳозланган. Меҳмонхонада минишифохона ташкил этилган бўлиб, тиббиёт ходимларининг узлуксиз навбатчилик қилишади. Ўзбекистонлик ҳожиларнинг шароитини янада яхшилаш мақсадида бу йилдан меҳмонхонада2 000 гаяқин киши учун бир вақтнинг ўзида овқатланиш имкониятига эга бўлган махсус ошхона барпо этилиб, ҳожиларни узлуксиз 24 соат давомида иссиқ чой, замзам суви ва ҳўл мевалар билан таъминлаш хизмати йўлга қўйилади. Шунингдек, меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган. Зиёратчиларни "Ҳарами шариф”га олиб бориш учун автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади. Меҳмонхонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, диний уламолар, шифокорлар, гуруҳ раҳбарлари ва ишчи гуруҳи тасдиқланган режа асосида зиёратчилар билан ҳаж арконлари, иссиқ об-ҳавода ҳожилар нималарга эътибор беришлари лозимлиги, САП Ҳаж вазирлиги томонидан ҳожиларга қўйиладиган талаблар ва бошқа шу каби мавзулардаги учрашувлар муттасил равишда ўтказиб борилади. Бу йил ҳам ҳожиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳаво кемаларини турли вилоятларнинг ўзидан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри қўндириш режаси (Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Термиз-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Қарши-Мадина йўналишлари бўйича) ишлаб чиқилган. Ҳожиларнинг юкларини ташиш учун меҳмонхоналарнинг ўзида махсус контейнерлар ташкил қилиниб, улар тўғридан-тўғри Жидда аэропортига олиб кетилиши режалаштирилган. Зиёратчиларга сафардан олдин Давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, "Ҳажнома” китобчаси ва ҳаж арконларини ёритиб берувчи видеодастур тақдим этилади. Шунингдек, Шавкат Ҳамдамов Ҳаж зиёратига бориш истагида бўлган фуқаролар кимга, қачон мурожаат қилиши, қандай ҳужжатларни тайёрлаши кераклиги ҳақида ҳам маълумот беради. Унинг сўзларига кўра, Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари "Ҳаж” ва "Умра” тадбирларини ташкил этиш бўйича Республика Жамоатчилик кенгашининг қарорига мавофиқ, ўз-ўзини бошқариш идоралари (маҳалла фуқаролар йиғни) га Ҳажга бориш учун ариза беради. Шундан сўнг тўпланган аризалар туман, шаҳар ва вилоят ҳокимиятлари қошидаги Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Жамоатчилик кенгашига тақдим этилади. Ҳажга борадиган фуқаролар жисмонан ва руҳан соғлом бўлиши, маънавий ва моддий томондан тайёр бўлиши керак. Зиёратга борадиган аёлларга сафар мобайнида маҳрамлик қилувчининг ҳамроҳлиги бўлиши шарт. Эслатиб ўтамиз, бу йил Умра зиёратини 6000 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси амалга оширишга муваффақ бўлди. | |
Категория: DUNYO XABARLARI | Просмотров: 649 | |
Всего комментариев: 1 | |||||
| |||||