Главная » 2012 » Март » 2 » Ота-она муаммодан қутулгандек, аммо бола-чи?
11:45
Ота-она муаммодан қутулгандек, аммо бола-чи?
Мамлакатимизда оила, уни мустаҳкамлашга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг "Мустаҳкам оила" деб аталиши бунга яққол далил. Бу муқаддас қўрғоннинг "Ватан ичра ватан”, деб аталиши ҳам бежиз эмас. 

Шунинг учун ҳам турли важлар билан ажрашиб кетаётган оилалар кишини ўйга толдиради. Тўғри, биз уларни айблай олмаймиз. Ҳар бир инсоннинг ўз фикри, дунёқараши, муаммолари, оғриқли томонлари бор. Айтмоқчи бўлганимиз, ажрашаётган жуфтлар ўртада фарзандлар борлигини, уларнинг тақдири, бу ажрим уларга қандай таъсир ўтказиши ҳақида. 

Фарзандларимиз келажагимиз пойдевори. Унинг қандай бўлиши эса биз ота-оналар қўлида. Афсуски, оилавий келишмовчиликнинг ечимини ажримда деб билган баъзилар, бу боласига қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўришяптими? Чунки ажрашиш ҳар доим ҳам барча муаммоларга ечим бўлавермайди. Аксинча, бошқа бир чигалликни келтириб чиқаради. Бунга тошкентлик мухлисамиз Ш.Назарқулова йўллаган мактубни мисол қилишимиз мумкин: 

"Фарзандим беш ёшга тўлганда ажрашдик. Шунга ҳам бир йил бўляпти. Бу вақт ичида эрим бирор марта телефон ҳам қилмади, кўргани ҳам келмади. Ўғлим ҳар куни дадасини сўрайвериб хуноб қилиб юборади. Дадасини соғиниб баъзида тушларида ҳам чақириб чиқади. Охирги вақтларда сал нарсага йиғлайдиган бўлиб қолди..."

Хўш, фарзанди бу ҳолга тушиши ҳақида она ажрашишидан олдин ўйлаб кўрганмиди? Ота-чи? Бир мурғак қалб уни интиқиб кутаётганини биладими? Энг ёмони, айрим ота-оналар борки, фарзанди орқали собиқ турмуш ўртоғидан ўч олмоқчи бўлади. Бунинг намунасини Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Д.Шоабдуллаевнинг хати намуна бўла олади:

"Собиқ хотиним билан баъзи сабабларга кўра ажрашдик. Ўртада 8 ёшли қизимиз бор. Мен қизимни яхши кўраман, собиқ хотиним эса уни кўришга ҳам, гаплашишга ҳам рухсат бермаяпти. Ҳатто, болага тайинланган нафақа пулини ҳам рад этди. Ота бўлиб қизимга бирор нималар олиб бергим, уни кўргим келади. Тўғри, собиқ хотиним мендан хафа бўлишга асос бордир. Лекин болада нима гуноҳ?"

Албатта, ҳаётда бу каби воқеаларга ҳаммамиз ҳам дуч келганмиз. Энг ачинарлиси, айрим ажрашган ота-оналар фарзандига ё отани, ё онани ёмонлаб болани ўзимга оғдириб оламан, деб ўйлайди. Ё бўлмаса бола ота (она)дан совуса, менга меҳри кўпайиб қолади, деган хаёлга борадиганлар ҳам учраб туради. Энди йиллаб отаси ёки онасини соғиниб юрган болаларнинг аҳволини бир тасаввур этинг-а! Келинг, яхшиси, бу ҳақда мутахассис ўз фикрини билдирсин... 

ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ


Ходжаева Гулнора Аннаевна, психолог:

— Бу вазиятда болаларнинг ёшидан келиб чиқиб уларнинг икки холатини гуруҳга бўлиб кўриб чиқиш лозим. 

Кичик ёшдаги болалар — булар ота-онанинг ажрашаётганлигини баъзида тушунмай ҳам қолишади. Улар асосан онага эҳтиёж сезади. Ота уларнинг ҳаётида ҳали бирор аҳамиятга эга бўлиб, улгурмаган бўлса ортиқча қийинчилик сезишмайди. Фақатгина дадасининг уйда яшамаётганлигини қабул қила билишмайди. 

Ўрта ёшли болалар ва ўсмирлар — бу ёшдагилар ота-онанинг ажрашишида асосан, ўзларини айбдор санай бошлайди. "Мен нимададир хато қилганлигим боис улар ажрашишяпти”, деган ҳис уларни руҳий эза бошлайди. Натижада, болада асабийлик, мактабдаги дарсларга лоқайдлик, ўз қобиғига ўраниб олиш, кучли стресс ҳолатлари кузатилади. Ота ва она ажрашиш жараёнида ишда, дўстлар даврасида, қариндошлар билан ўзларини чалғита олади. Аммо бола бу жараёнда ўзини мутлақо ёлғиз ҳис этади. Вазиятни тушунтириб берадиган одамга эҳтиёж сезади.

Агарда оилада ота ичувчи, наркотик истеъмол қилувчи ёки онага қўл кўтарувчи бўлса унда болада отага нисбатан нафрат, қасд олишга интилиш кабилар ҳам кузатилади. Агарда оилада онанинг бирор шунга ўхшаш нуқсони бўлса унда онага нисбатан худди шундай нафрат шакллана боради. Оилада катталар айбсиз бўлса-ю, бирор сабабга кўра ажрашаётган бўлса болаларда кучли зўриқиш, ўзини кераксиз ҳис этиш, қўрқув (кимнидир йўқотиб қўйишидан қўрқиш), айбдорлик ҳисси шаклланади. Бу болаларнинг руҳий қийналишига олиб келади. Оқибатда, болалар турли касалликлар билан оғриши мумкин. Гапирмай қўйиш, ўзи билан ўзи гаплашиш, тинимсиз йиғи, уйдан қочиб кетиш, ўзини жароҳатлаш, ҳатто жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Нима қилиш керак?

Аввало ота-она ажрашишга қарор қилаётган вақтда ўзларини эмас, биринчи навбатда болаларни ўйлаши лозим. Уларнинг ҳаёти нима бўлади, деган саволни эркак ҳам, аёл ҳам ўзига бериб кўриши керак. Имкони борича ажрашмаган маъқул. Аммо ажрашишга қарор қилинган бўлса унда вазиятни болага тўғри тушунтириш, унинг айби йўқлигини ва ажрашишнинг боланинг ёшига мувофиқ равишда тушунтириши шарт. Болага ота-оналар ажрашган тақдирда ҳам улар учун фарзанд ҳар доим энг яқин инсон бўлиб қолишини сингдириш керак. Агарда буни ўзлари эплай олмаса, бу ўринда оилада катталар, бува-бувиларнинг ёрдами зарур. Шунингдек, ота-она ва бола биргаликда психолог хузурига бориши лозим. 

Бу муҳим! Ажримдан сўнг ҳар қанча алам бўлганда ҳам ота ёки онани фарзандга ёмонламаслик керак. Ажримдан кейинги жараёнда болага қаттиқ гапирмаслик, у билан тез-тез суҳбатлашиб, дардлашиб туриш фойдали. Ота ёки она ажрашгандан сўнг ҳам болага иккинчи тарафни кўриб туришга рухсат бериши шарт. Катталар болани кўришга рухсат бермасдан иккинчи тарафдан қасд олаётган бўладилар. Болага бу жуда ёмон таъсир этиб, унда руҳий стресс шаклланади. Шунингдек, болага буви ва бобосининг кўмаги жуда зарур. Улар болани қўллаб-қувватлаб туришлари, тез-тез кўришиб туришга шароит яратишлари лозим. 

Хулоса ўрнида: 

Ажримдан кейинги жараёнда фарзанд азият чекар экан, демак жараённи оқилона ҳал этиш лозим. Тажриба шуни кўрсатадики, ажримдан кейин ҳам ота-онанинг аҳил бўлиб қолиши, бир-бирига нисбатан бўлган алам ҳиссини болага сездирмаслиги, асосийси фарзандига бир-бирини ёмонламаслиги болага ижобий таъсир этар экан. Болада "ота-онам бор, улар мени яхши кўради, мен уларга керакман”, деган фикрни юзага келтириш ҳар қандай ота-онанинг биринчи галдаги вазифасидир. 

Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 782 | Добавил: number_1
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]