20:27 Оталар беқадр бўлса.. | |
Ота – уйнинг устуни. Ота – давлат! Отанинг ўрни - уйнинг тўрида! «Ота ўтирган уйнинг томига чиқма», - дея уқтиришган аждодларимиз. Аммо... «То отанг рози эмас, тавбанг қабул бўлмас сани» каби ҳикматларга беписанд инсонлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ушбу мақола орқали ўзим гувоҳи бўлган айрим воқеаларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдим. Кўчада қолган ота Жамилахонни Эгамназар аканинг топиб келган ойлик маошлари қаноатлантирмай қўйди. - Биргина маошга қараб ўтираверамизми?! Бизга минг доллар топиб беринг, ўғилларингиз билан бизнес бошлаймиз, - деди эрига эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда. Эгамназар ака қараса, ўғиллари ҳам шу фикрда. Танишларидан уч-тўрт ойда қайтариш шарти билан қарз олиб, уларнинг қўлига тутқазди. Жамилахон катта ўғли билан Осиё давлатларидан бирига учиб бориб ҳар хил товарлар олиб қайтишди. Аввал ойига икки марта боришга пуллари етаётган бўлса, сўнг тўрт-беш марта қатнаб мол олиб келишга тўлиқ имкон топишди. Пуллари кўпайган сари ҳаётий мезонлари ҳам ўзгариб борди. Ота эса ҳануз маошга қараган, доимо хизмат сафарида. Она-болаларнинг ўн кунда топган пуллари олдида отанинг ойлик маоши тош босмай қолди. Ўғиллар «ойликчи» отани ҳурмат қилмайдиган, юзига тик боқиб айтишадиган бўлдилар. Эгамназар ака уларга қарши бир сўз айтишга безиллайди. Танбеҳ берса, хотинидан нақ балога қолади: маҳаллани бошига кўтариб шанғиллаб, беҳурмат қилади... Она-болалар эски уйларни бузиб, ҳашаматли уй қуришди. Хоналар энг сўнгги урфдаги жиҳозлар билан безатилди. Ҳеч бир ишда отанинг розилиги, фикри инобатга олингани йўқ. Бир куни эса... отага дарвоза очилмади. Хизмат сафаридан ҳориб қайтган Эгамназар ака қўнғироқ тугмачасини узоқ босди, ҳеч ким чиқмади. Дарвоза тепасига ўрнатилган мониторга қараб кўзи толди. Телефон қўнғироқларига ҳам жавоб йўқ. Ота кўчада қолди... Эгамназар акани синглисиникида яшаб юрибди, деб эшитдим. Унинг атрофдагиларга беписанд, кибрли ўғилларини кўрганимда юрагим увишади. Уларнинг тақдиридан хавотирланаман... | |
Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 667 | |
Всего комментариев: 0 | |