20:07 Пластик картанинг “ажиб сири” | |
Бугун деярли ҳаммада замонавий тўлов воситаси - пластик карталар бор. Уларнинг қулайлик ва ноқулайликлари бўйича кўп ва хўб ёзилди, эфирларда чиқишлар қилинди. Тўловда қийинчиликларга дуч келганларнинг эътирозлари ўрганилди ва ўрганилмоқда. Нима бўлганда ҳам энди бу воситага узвий боғланганимиз аниқ. Чунки бутун дунё бу тизимдан фойдаланади. Бугун биз пластикнинг ҳамма эътибор қилган, лекин ҳали ҳеч ким бу фикрни ифодалаб бермаган қизиқ бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Саёҳатга кўп чиқадиган юртдошларимиз айтишади. Чет элларда одамлар деярли нақд пул ишлатишмас, нақд пуллари бўлса ҳам банкдаги ҳисоб рақамлари орқали пластик карталарига тушириб олишаркан. Уларга нақд пулни олиб юриш ноқулайлик туғдириш билан бирга худди замондан ортда қолишдек туюларкан. Албатта, бизга ҳам шундай даврлар келар, пластик карталаримиздан хоҳлаган жойимизда, ўзимиз хоҳлагандай ишлатадиган бўлармиз. Лекин унгача пластикдаги маблағ ҳам ўзимизники – ўзимиз ишлаб топган пул деган тушунчани онгимизга сингдириб олишимиз лозим. Бунинг нимаси янгилик экан, дейишингиз аниқ. Лекин эътибор берганмисиз, пластик картада тўловни амалга оширган одам борки пулни аямай сарфлайверади. Харид пайтида худди маҳсулотларни текинга олаётгандек тутамиз ўзимизни. Чунки нақд пул сингари реал нарсадан ажралиш туйғусини сезмаймиз, чўнтагимиз бўшаб қолаётганини ҳис қилмаймиз, виртуал ҳаражатларимиз реал имкониятларимизни худди нақд пуллардек камайтириб бораётганини тўлиқ англаб етмаймиз. Чунки йиллар давомида тежамкорликдай хислатнинг назорат объекти фақат нақд пуллар бўлган. Улар кўз ўнгимизда совурилиши бизни доим жиловлаб турган. Албатта эътибор қилгансиз, пластикдаги пуллар тезда тугаб қолади. Пластикдан харид амалга оширилиши мумкин бўлган дўконларга кирсак яйраб кетамиз, кераклисику майли яқин ўртада сотиб олиш режамизда ҳам бўлмаган нарсаларниям пештахталардан олаверамиз. Кассага яқинлашаётганимизда пластик картани худди "сеҳрли таёқча”дек узатамиз. Кассирлар керакли пулни олиб чек билан картани қайтариб беришса уларни боплаб чув туширгандек кўнглимиз тўлиб енгил одимлаганча йўлга тушамиз. Шундай эмасми? Бошида айтганимиздек пластик картадагиям пул – ўзимизнинг пулимиз! "Ҳа-а, пластикка-ю” деганимиз билан уям тугайди қолади. Буни яхши тушуниб етгунимизча қуйидаги маслаҳатларга амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади: - Ҳар қандай харидларни олдиндан режалаштиринг. Айниқса йирик дўконларга кирганда сотиб олиниши керак бўлган маҳсулотларнинг рўйхатини олдиндан тузиб олинг; - Пластикка пул тушиши билан анчадан бери мўлжалда бўлган йирик тўловни амалга оширинг (м.: контракт пули, боғча пули, коммунал тўловлар...). Гарчи ҳисобингиздаги маблағ бу тўлов учун етмаса ҳам борини ўтказиб юбораверинг; - Зарурат бўлмаган пайтда пластик картани ўзингиз билан олиб юрманг. Унутманг! Пластик картадаги маблағ ҳам Сизнинг пешона терингиз эвазига келган. | |
Категория: Qiziqarli ma'lumotlar | Просмотров: 668 | |
Всего комментариев: 0 | |