03:45 “РЕАЛ МЕНИНГ ҲАЁТИМ” | |
Реал” клубининг расмий сайтида Икер Касильяс билан интервью чоп этилди. Унда футболчи спортни деб нимадан воз кечишига тўғри келгани, жамоасидаги ҳамкасблари билан қандай муаммолари бўлгани ва Жозе Моуриньо ҳақида сўзлади. - Ҳаётда нимадан кўпроқ қўрқасиз? - Яқинларим, оилам ва дўстларимга корҳол юз беришидан қўрқаман. Кўз ўнгимда шифокоримиз Хенаро Боррас (1991-2007 йилларда Испания терма жамоаси шифокори) Европа чемпионлигини қўлга киритишимизга ярим йил қолганида ўпка саратони туфайли бу ёруғ дунёни тарк этди. У биз учун жуда қадрли эди. - "Реал”нинг яхши сардори бўлиш учун футболчи қандай хислатларга эга бўлиши даркор? - Асосийси, масъулиятни ҳис қилиш, етакчи бўлишдан қўрқмаслик ва жамоани душманлардан ҳимоя қила олишдир. Шунингдек, жамоа аъзоларининг ишлари ва ҳаётларидан бохабар бўлиш аҳамиятлидир. Ҳаётимда кўплардан сабоқ олганман: Санчис, Йерро, Раул… Шундан сўнг бизга Гути келди, ундан ҳам кўп нарсани ўргандим. У ҳақиқий феномен! - Жамоадошларингиз ёки мураббийингиз томонидан ҳеч жазоланганмисиз? - 15 ёшдалигимда терма жамоамиз мураббий Теодор Ньетодан роса дакки эшитганман. Ўшанда биз "Уэмбли”да Англия жамоасига қарши чиққандик. Бу мен қатнашган илк халқаро мусобақа эди. Иккинчи бўлимда майдонга чиқдим. Менимча, ўша учрашувда яхши ўйин кўрсатганман. Лекин мураббий мени танқид қилиб, у бор экан бошқа ҳеч қачон майдонга чиқмаслигимни айтганди. Менинг қайсарлигим тутиб, бошқа терма жамоада ўйнамаслигимни айтганман. Ҳалигача Ньето мени кўрганда, ўша воқеани эслатади. - Ўзингиз-чи, кимни кўпроқ уришасиз? - Кўпинча, Марсело жиғимга тегади. Бироқ биз фақатгина майдонда уришиб қолишимиз мумкин. Бундан ташқари, "Севилья”га қарши ўйнаганимизда, Гути билан орамиздан гап қочган. Ўшанда биз ютқизгандик. - "Эспаньол” билан бўлган учрашувдан сўнг Марселони мақтаган эмишсиз… - Марселони сўнгги пайтларда тезда улғайишга мажбур бўлган ёш бола деб биламан. Тренеримиз Капелло бўлганида у кўп қийналди, чунки умуман майдонга чиқарилмасди. Бироқ ўшандан буён тўрт йил ўтди ва Марсело бор имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилиб келяпти. Таъкидлаш лозим, бир пайтлар айнан Хуанде Рамос уни қайтадан кашф этганди. Шу сабабли бугун биз, у ҳақиқатан нимага қодирлигини кўриб турибмиз. - Сиз учун "Реал” нима? - "Реал” – менинг ҳаётим. Футболни ўйнашни 8 ёшимда бошлаганман, бир йилдан сўнг "Торнео Сосьял”га олиндим. Ҳозир 29 ёшдаман. Аввалги "Сюидад Депортива” қандай бўлганининг ва ўзгаришларининг гувоҳи бўлганман. - Жозе Моуриньо қандай одам? - У жуда қувноқ одам, кулишни, ҳазиллашишни яхши кўради. У сиз телевизор орқали кўрганингиздек эмас. Оиласига жуда меҳрибон. Биз билан доимо дўстона муносабатда бўлади. У ажойиб инсон. - Нима учун айримлар Криштиану Роналду билан орангизга совуқлик туширишга уринишган? - "Мадрид” ҳақидаги янгиликларни сотиш даромадлироқ бўлгани учундир балки. Матбуотда бу воқеани бот-бот эслатишади. Бироқ булар ёлғон. Криштиану билан ўртамиздаги муносабатлар ажойиб. Аслида, буларнинг барчаси журналистларнинг уйдирмаси. Жамоамизда дўстона муҳит ҳукмрон ва қарама-қаршиликлар йўқ. - Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлишларингизга ишонармидингиз? - Бизда ғалаба учун барча имкониятлар бор эди. Шуни дарҳол тушундимки, ё ҳозир, ё ҳеч қачон. Ҳозирги кунда олдимизда муҳим вазифа турибди – Европа чемпиони мавқеини сақлаб қолиш. Бироқ аввалига бизнинг Федерациямиз жамоамизда кимлар ўйнашини аниқлаши лозим. Ахир, орамизда фахрийлар бор… - Сизнингча "Реал” жорий йилда яна қандай ғалабаларни қўлга киритади? - Бундай ёш жамоа билан ишлаш мушкул. Мен ундаги энг тажрибали ўйинчилардан ҳисобланаман. Спортчиларимиз кучли ва яқин 4-5 йил ичида улар шундайлигича қолишади. Асосийси, "Реал” шу мавсумда бирор-бир ғалабани қўлга киритишидир, чунки мана бир неча йилдирки, омадимиз чопмаяпти. | |
Просмотров: 818 | |
Всего комментариев: 23 | 1 2 3 » |
| |
1-10 11-20 21-23 | |