Главная » 2014 » Ноябрь » 9 » Жаҳонгир Позилжонов: “Отамнинг тарсакиси ҳаётимни ўзгартирди”
06:56
Жаҳонгир Позилжонов: “Отамнинг тарсакиси ҳаётимни ўзгартирди”

“Икки авлод” саҳифасига журналист сифатида лойиҳада иштирок этаётган  олиб Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаевнинг таклифи билан “Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновни таклиф қилдик. Лутфулла Саъдуллаевнинг фикрича бу интервью шу пайтгача бўлган суҳбатлар орасида энг дангали бўлди.

Лутфулла Саъдуллаев, Ўзбекистон халқ артисти:

 

— “Божалар”нинг қўшиқлари мени ҳаётга қайтарган десам муболаға бўлмайди. Бундан бир неча йил илгари оғир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказганимда “Божалар”нинг “Жанона”, “Мани мошинам” номли қўшиқларини эшитиб ётардим. Бу қўшиқлар менга ёд бўлиб кетган. Бугун Жаҳонгирдан сўрамоқчи бўлган саволларим, санъатига нисбатан фикрларим жуда кўп. Демак, бошладик!

 

Лутфулла Саъдуллаев: Авваллари “Божалар” гуруҳининг мухлиси эдим. Ҳатто Ҳиндистонда оҳир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказганимда ҳам фақат сизларнинг қўшиғингизни эшитганман. Лекин ўтган йилларда “Божалар”нинг ижоди умуман ўзгариб кетди. Аввалгидек қўшиқлар йўқ.

 

Жаҳонгир Позилжонов: Тўғри, бугунги қўшиқларим аввалгилардан буткул фарқ қилади. Ҳозир асосий эътиборни қувноқ, тингловчига кайфият улашадиган қўшиқларга қаратганмиз. Чунки тингловчиларнинг талаби шундай бўлиб қолган.

 

Л.С.: Лекин қўшиқларингда эътибор мазмунга эмас балки ритмга қаратилган. Буни ҳам ёшларнинг талаби дерсан, лекин сен санъаткорсан. Хадеб талабнинг ортидан қувишинг қанчалик тўғри.

 

Ж.П.: Сиз айтаётган фикрда жон бор. Ҳатто кўпчилик тингловчилар ёнимга келиб, айтаётган қўшиғингизда нима деётганингизни ўзингиз тушунасизми дейишади. Тан оламан, мен айтаётган қўшиқни кўпчилик тушунмайди. Лекин сиз айтгандек қўшиқнинг ритми, оҳанги учун эшитадиганлар кўп. Яқинда бир одам билан гаплашиб қолдим. Сени қанча танқид қилишмасин, қўшиғингда маъно йўқ дейишмасин барибир одамлар эшитади. Тингловчи ҳам ўзига нима кераклигини яхши билади. Одамга тинглаётган қўшиғига қараб баҳо бериш нотўғри деган фикрни айтди. Балки нотўғри йўлдан кетаётгандирман. Агар кун келиб одамлар мени буткул рад этиб, эсдан чиқариш даражасига етиб келсам, йўналишимни ўзгартирарман.

 

Л.С.: Ота-она, ҳиёнат ҳақидаги қўшиқларингни боши бор-у охири йўқдек. Бу шунчаки жиддий мавзуда ҳам куйлай оламан деганингми?

 

Ж.П.: Билмадим, беш бармоғимиз баробар бўлмагани каби фикрларимиз ҳам бир хил эмас. Ота-она ҳақидаги қўшиғимизга келсак айнан шу қўшиқ мавзу ўзимнинг ҳаётидан олинган. Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Болалигимда маҳалламиздаги новвойхонадан нон ўғирлаб чиққанман. Аслида қилаётган ишим оғирлик эканига ҳам ақлим етмаган. Буни эса маҳалла оқсақоли кўриб қолиб, дадамнинг ёнларига олиб борган. Ўшанда дадамдан еган тарсаким ҳаётимни буткул ўзгариб юборди. Яхши билан ёмонни, гуноҳ билан савобнинг фарқига борадиган бўлдим. Қўлимдан иш келиб, отамга суянчиқ бўладиган, дуоларидан оладиган вақтимда отам оламдан ўтиб кетдилар. Ота-она бир умр ҳалол меҳнат билан фарзандларини оқ ювиб оқ тараркан-у эндигина роҳатини кўраман деганда... Мен қўшиқда айни шуларни тасвирламоқчи бўлганман. Чунки бу нафақат мени балки қанчадан қанча тингловчиларнинг юрагидаги армон.

 

Л.С.: Ҳозир гапларингни эшита туриб ўзим бир вақтлар отамдан еган тарсаким эсимга тушди. Ўзинг фарзандларингга қандай отасан. Дарвоқе, сен ҳам шоу бизнесдаги серфарзанд оталардансан. Уларнинг тарбиясига қанчалик вақт ажрата оласан?

 

Ж.П.: (кулиб) Фарзандларим 4 та бўлишган. Тўғрисини айтсам уларнинг тарбияси билан асосан келинингиз шуғулланади. Бўш вақтимни албатта улар билан ўтказишга ҳаракат қиламан. Катта қизиқ Райҳон ҳозирданоқ санъат йўлидан кетишни ният қилган. Бошида бунга қаршилик қилдим. Санъаткорлик қийин касб, қийналади дедим-у кейин ўйлаб қолдим. Қайси касб осон ахир? Ҳамма соҳанинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги, машаққатлари бор. Тўғриси қўшиқ айтиш, санъатга бўлган қизиқиш шунчаки хавас деб бунга унчалик жиддий эътибор бермасдим. Ўтган йили туғилган кунимда қизим қўлимга диск тутқазди. Машинамга чиқиб эшитиб кўрсам “Мой папа хороший” деган қўшиқ куйлабди. Қизимнинг илк қўшиғини эшитяпман-у юрагим хапқириб кетяпти. Шу қўшиқдан кейин қизиқишларига қарши чиқмадим. Ҳатто бирга дуэт куйлаш таклифини бердим. Лекин рози бўлмади. “Ҳали кўрасиз, мен ўзим “юлдуз” бўламан. Мени Жаҳонгир Позилжоновнинг қизи дейишлари керакмас” деб айтди. Тўғриси шу гапидан ҳам хурсанд бўлдим. Ўғилларим эса санъаткор бўлишмаса керак. Иккиси ҳам спортга қизиқади. Мен уларни футболчи бўлишини истардим. Кўрамиз, қайси бир қайси соҳадан кетишини вақт кўрсатади. Энг муҳими менга доим раҳмат эшиттирадиган фарзандлар бўлишсин.

 

Л.С.: Бир куни ёнимга ўғлим келиб “дада тўйларда қўшиқ айтаётган экансиз, тўйга чиқишингиз шартми, танишларим гапиряпти” деб қолди. “Ўғлим мен шунча йил санъатимни ортидан сизларни катта қилдим, рўзғор тебратдим. Ахир буларнинг ҳаммаси шу санъатим эвазига бўлган-ку” дедим. Ўша-ўша ўғлим гапирмайдиган, аксинча таниш-билишларининг тўйига бориб беринг дейдиган бўлди. Айтмоқчи бўлганим кун келиб “дада фалон ролингиз менга ёқмади” деса сен қандай ҳолатга тушасан!

 

Ж.П.: (ўйланиб) Жавобим битта. Ёқмаса фамилиянгни ўзгартир ўғлим дейман. Тушунаман, фарзандлар ёшлигига бориб отасига кўп гапларни ножўя гапириб қўйишади. Бундай ҳолат ўзимнинг ҳам бошимдан ўтган. Ўзингизга маълум дадам бутун умр ошпазлик қилганлар. Овқатга керакли маҳсулотларни ҳам бозордан ўзлари олиб келардилар. Бир куни қўлларида картошка пиёз олиб келаётгандилар. “Дада қўлингиздагиларни менга беринг, одамлар нима дейди, боласи туриб, отаси кўтариб келяпти деб айтмайдими?” дедим. “Уяляпсанми? Уялсанг фамилиянгни ўзгартириб юборақол” деганлар. Мана шу гап бутун умр ёдимда қолган.

 

Л.С.: Кел фильмларинг ҳақида гаплашайлик. Очиғи сендан миннатдорман. “Амакиваччалр” номли фильмингни ўйнаган ролим мени ёш мухлисларимни қайтариб берди. Ҳозир қайси мактаб ёки коллежга бормай болалар шу ролимни эслатишади. Фильм анча танқид қилинган бўлса-да, бу танқидлардан тўғри хулоса чиқармадинг. Фильмларинг ҳали ҳам ўша-ўша.

 

Ж.П.: Танқидга учраган нарса ширин бўлади. (кулиб) Биласизми мен танқиддан эмас балки танқид қилмасликларидан қўрқаман. Бироқ вақт газета журналларда мен танқид қилмай қўйишса, буларнинг эсидан чиқиб қоляпман шекилли деб яна танқидга учрайдиган нарса яратишга ҳаракат қиламан.

 

Л.С.: Ҳамкасбларимиз орасида танқидни тўғри қабул қиладиганлар кам

 

Ж.П.: Бошқаларни билмадим-у мен танқидлардан мазза қиламан. Айтганингиздек бир-иккита санъаткорлар газета ёки интернет сайтларида ўзи ҳақидаги танқидларга кўзи тушса, нега бундай ёзишади деб жаҳли чиқади. “Кимгадир ҳалал беряпсанки, одамларнинг эътиборинги тортяпсанки бошқалар қолиб сени ёмонлашяпти. Агар билсанг чет элда журналистларнинг ёмонлаб, танқид қилиб ёзганига алоҳида ҳақ тўланади. Сени текиндан текинга реклама қиляпти”дейман. Дадам айтардилар: биро ишни бошладингми кимдир келиб нега бундай қиляпсан деса эътибор берма, лекин қилаётган ишингга ҳеч ким фикр билдирмай, эътибор бермаса ўша ишни еғиштириб бошқа иш билан шуғулланавер. Бу гапларни ҳаётимда жуда кўп қўллайман.

 

Л.С.: Сени 15-20 йилдан кейин қандай бўлишингни, қандай қўшиқ куйлашингнию қандай рол ўйнашингни тасаввур қилолмайман. Ўзингчи?

 

Ж.П.: Яқинда бир тўйда бошингизга шляпа кийиб, бўйнингизга шарф ташлаб, қора кўзойнак тақиб Нуриддин Ҳайдаровнинг қўшиқларини куйлаётганингизни кўриб қолдим. Узоқ қараб турдим-у ёнимдагиларга қараб, мана мен дедим. Менимча ёшим катта бўлсам сизга ўхшасам керак.

 

Л.С.: Жавобингдан хурсанд бўлдим. Биласанми йиллар ҳамма нарсани ўзгартиради. Тан олиш керак бугун “Божалар”нинг ўрнини бошқа гуруҳлар эгаллаган. Бунинг сабабини нимада деб ўйлайсан?!

 

Ж.П.: Ёнган оловнинг бир сўниши бор. Бу мен учун мусибат эмас. Чунки “Божалар” ҳам қачонлардир кимнингдир ўрнини эгаллаган. Санъатдаги бундай давр алмашинувини тўғри тушунаман. Аксинча бизнинг ўрнимизга чиқиб келаётган гуруҳлар фаолиятини яхшилаб ўрганаман. Қўшиқларига ҳатто мухлисман. Мисол учун “Уммон” гуруҳини олиб қарайликю Ҳар бир қўшиғи хит, тингловчиларнинг тилида. Бу эса уларнинг муваффақиятидан далолат. Яқинда Бухоро вилоятида концерт бердим. Концерт берадиган стадионга 600 та одам тўпланибди. Бир кун аввал эса ҳудди шу стадионда “Уммон” гуруҳи концерт  берган. Концертга 20 мингта томошабин ташриф буюрган. Мен бундан фақат қувонаман. “Уммон” гуруҳи йигитлари бу муваффаятларга ҳудди биз каби ўз кучлари, меҳнатлари билан эришишди. Ё уларни танқид қилганлар каммиди?

 

Л.С.: Кун келиб сени умуман унутишсачи?

 

Ж.П.: Бунга санъатга киришдан аввал тайёр бўлганман. Мен қийинчилик кўрган, меҳнатнинг юкини кўтарган йигитман. Кун келиб санъатдан кетиш керак бўлса ҳам ҳеч иккиланмай кетган бўлардим. Ўз вақтида ошпазлик ҳам қилдик, бирор заводда ҳам бемалол ишлаб кета оламан ва бундан уялмайман ҳам. Ахир меҳнатдан одам ҳеч қачон ўлмаган-ку.

 

Жаҳонгир Позилжонов, хонанда:

 

Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев билан бўлиб ўтган суҳбат мен учун анча жиддий руҳда кечди. Ҳар ҳолда кўп журналистларг айтолмайдиган гапларимни улар билан бўлишдим. Ижодимга, ўйнаётган ролларимга шунчаки бефарқмасликларидан қувондим.

 

Лойиҳа муаллифи: Қамариддин ШАЙХОВ

 

Фотомухбир: Бекзод Мирсодиқов

 

 

Manba; Darakchi.uz

Прикрепления: Rasm 1 · Rasm 2 · Rasm 3
Категория: Shou biznes | Просмотров: 1663 | Добавил: Sherzod_230688
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]